“Бошланғич касаба уюшма раислари тақдирланди”

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фаолияти намунали йўлга қўйилган бошланғич ташкилотларни аниқлаш ҳамда рағбатлантириш, уларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, корхона, ташкилот ва муассасаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда бошланғич ташкилотларнинг фаол иштирокини таъминлаш, бошланғич ташкилотлардаги касаба уюшмаси фаолларининг профессионал даражасини ошириш, уларда ижодкорлик қобилиятини шакллантириш ҳамда касаба уюшмалари фаолларини, шунингдек ёшларни касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида 2011 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта 100 нафаргача ва
100 нафардан ортиқ аъзолари бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.

Бу йил ҳам анъанага мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги барча бошланғич ташкилотларида “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг май-июль ойлари давомида тармоқ касаба уюшмалари томонидан кўрик-танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичлари юқори савияда ташкил этилиб, ўтказилди.

Вилоят миқёсида 7 та тармоқ касаба уюшмалари тизимида кўрик-тановнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларида 1200 га яқин бошланғич ташкилотлар иштирок этишди. Ташкил этилган тадбирлар юзасидан оммавий ахборот воситаларида 10 дан ортиқ чиқишлар қилинди.

Кўрик-танловнинг тармоқ касаба уюшмалари вилоят босқичида 42 та боланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ғолибликни қўлга киритиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Жумладан, аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилоят бошқармаси, Марказий банк Бухоро вилоят бош бошқармаси, Когон шаҳар спорт мактаби, Вилоят қон қуйиш станцияси бошланғич ташкилоти, Бухоро шаҳар 23-ўрта умумий таълим мактаби бошланғич касаба уюшма ташкилоти, “Sitoraavtosavdo” МЧЖ, Пешку туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ғолибликни қўлга киритишди.

Шунингдек, аъзолари сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасида Аму-Бухоро машина канали Олот тумани бошқармаси, Бухоро вилоят Фавқулотда вазиятлар бошқармаси, Ўзбекистон бадиий академияси тасарруфидаги Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаб интернати, Вобкент туман тиббиёт бирлашмаси бошланғич ташкилоти, Ромитан туман 18-мактабгача таълим ташкилоти бошланғич касаба уюшма ташкилоти, “Бухоро сув таъминоти” МЧЖ, Бухоро йўлкўкалам унитар корхонаси бошланғич касаба уюшма ташкилотлари юқори кўрсаткичларни қайт этишди.

Бугунги кунда вилоятимизда 2337 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолият юритиб, улардан 1900 дан ортиғи “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танловининг 1-босқичида иштирок этди. Вилоят босқичида 550 дан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаол қатнашди.

Танловнинг вилоят босқичида 7 та тармоқдан аъзолар сони
100 нафаргача ва аъзолар сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар ўртасида алоҳида ўтказилиб, 1,2,3-ўринларни эгаллаган, жами 42 та бошланғич касаба уюшма ташкилотлари вилоят Кенгашига рағбатлантириш учун тавсия этилди.

Вилоят кенгаши матбуот котиби

Print Friendly, PDF & Email