Миннатдорлик

         Энди аъзолар сафида эмасман…

Болалигимдан ўқитувчи бўлишни орзу қилганман. Қўғирчоқларимни тизиб қўйиб, уларга дарс ўтганимни онам раҳматли кўп хотирлар эдилар. Менда онамнинг меҳрибонлиги-ю отамнинг ташкилотчилик фазилатларини кўра олган ўқитувчиларим, яхши муаллима бўлишимга ишонч билдиришарди.  Чиндан ҳам мактабни битиргач, педагогика йўналишида олий маълумот олдим. Мактабда узоқ йиллар муаллимлик қилдим. Математика фанини ўқитиш орқали ўқувчиларимни  билимдонликка, ҳисоб-китобга, топқирликка ўргатдим. Шогирдлар орттириб, устозлик мақомига эришдим.

     Афсуски, қайноқ таасуротларга бой даврим жуда тез ўтиб кетди. Ҳаш-паш дегунча, нафақа остонасига яқинлашдим. Ортда қолган йилларимга назар солсам, касбимдан топган обрў-эътиборимдан ифтихор туйғусини ҳис этаман. Ишларимни шогирдларим давом эттириши кўнглимга таскин беради. Нафақага чиқишим олдидан таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси томонидан «Ситораи Моҳи Хосса»сиҳатгоҳига дам олиш учун йўлланма беришди. Узоқ йиллик меҳнатларингиз захмати бироз бўлса-да тарқасин, дейишди. Қувониб кетдим: касбий фаолиятим давомида ҳуқуқларим ҳимоячиси бўлган бу ташкилот кетаётган чоғимда ҳам қуруқ қўл билан жўнатмади.

      Икки ҳамкасбим – Гулбегим Шарипова ҳамда Марҳабо Ҳожиева билан сиҳатгоҳда мириқиб ҳордиқ чиқариб, саломатлигимизни тиклаб қайтдик. Ёзнинг жазирама иссиқ кунларини сўлим, сокин масканда ўтказишимда бош-қош бўлган касаба уюшмаларидан чексиз миннатдорман. Лекин афсуски, буёғига уюшма аъзолари сафида бўлмайман…

Print Friendly, PDF & Email