Бугун, 25 октябрь куни вилоят ҳокимлигида хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари, хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар ва туман студияларидан шаҳар, туман ҳокимлари, ҳоким ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари, профилактика инспекторлари иштирок этди.
Йиғилишни вилоят ҳокими Ботир Зарипов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди. Йиғилиш кун тартибига мувофиқ “Аёллар дафтари” тизими 4-босқич ижроси якунлари, Бухоро вилоятини хотин-қизлар ўртасида ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича дастурлар ижроси, шунингдек, Бухоро вилоятини хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича дастурлар ижроси тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, 20 октябрь ҳолатида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 56 минг 372 нафарига ёки 93,9 фоизига амалий ёрдамлар кўрсатилди. Олот ва Қоровулбозор туманларида “Аёллар дафтари”га киритилган барча хотин-қизларнинг масалалари тўлиқ ҳал этилди.
Жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган 26 минг 338 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд 2 минг 437 нафар хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратилди.
“Аёллар дафтари”нинг 3, 4, 6-тоифаларига киритилган, яъни боқувчиси бўлмаган, 1 ва 2-гуруҳ ногирон хотин-қизлар, ногирон фарзанди бўлган 27 минг 454 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдамлар берилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманлар бюджетидан 46 млрд. 33 млн. сўм маблағлар сарфланди.
Шу билан бирга 18 минг 764 нафар хотин-қизларга ҳуқуқий, 18 минг 198 нафарига эса психологик ёрдамлар кўрсатилиб, 622 нафарнинг алимент тўловлари ундириб берилди. 60 нафар олий таълим муассасаларида таҳсил олувчи хотин-қизларга 252 млн.сўм, 31 нафар фарзандларининг 103 млн.сўмлик шартнома тўловлари тўлаб берилди. 26 нафарининг 16 млн. 200 минг сўмлик “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолик бадали қоплаб берилди, 109 нафарига иссиқхоналар қуриш учун 488 млн.сўмлик субсидиялар ажратилди, 154 нафарига асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун 615 млн.сўм субсидия ажратилди.
Президентимизнинг жорий йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига ташрифлари давомида вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида “Бухоро тажрибаси”ни яратиш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича муҳим топшириқлар берилган эди.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳлари тузилиб, 5 минг 399 нафар жиноят содир этган, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка мойил 14 тоифадаги хотин-қизлар орасида анкета-сўровнома ўтказилиб, уларнинг 5 минг 782 та муаммоси ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганилди ва таҳлил этилди.
Таҳлилларга асосан Бухоро вилоятини “Хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликдан холи ҳудуд”га айлантириш юзасидан 2023-2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури қабул қилинди ва ижросини таъминлаш учун барча масъул ижрочиларга етказилди.
Дастурга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган 22 та банд бўйича 76 та топшириқ-вазифа белгилаб олинди.
Шунингдек, вилоятни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича ҳар бир маҳаллада ишчи гуруҳлари тузилиб, вилоятдаги 419 минг 922 та хонадондаги 434 минг 45 нафар 18-55 ёшдаги хотин-қизлар хатловдан ўтказилди. Хатлов якунларига кўра, 379 минг 237 нафар хотин-қиз турли соҳаларда банд эканлиги, 4 минг 866 нафар хотин-қизлар ишлаш истаги борлиги, 167 нафар ногиронлар махсус ишлар билан банд бўлиш ниятидалиги аниқланиб, маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят миқёсида дастурлар қабул қилинди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жиноятчиликдан ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш ҳамда “Аёллар дафтари” тизимининг 4-босқичи ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича Бухоро вилояти бўйича штаб бошлиғи Абдугаппар Салихов ахборот берди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ масъул ходими Бухоро ва Жондор туманларида хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш якунлари хусусида тўхталди.
Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Вилоят кенгаши матбуот котиби