Faoliyat

Касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қиладилар.

Ҳурматли иш берувчи!

Сиз раҳбарлик қилаётган жамоа Юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Меҳнат жамоасида иш унумдорлигини янада ошириш, соғлом ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида корхона (ташкилот ёки муассаса)да касаба уюшма ташкилоти тузилиши мақсадга мувофиқдир.

Агар Сиз раҳбарлик қилаётган корхона (ташкилот, муассаса)да касаба уюшмаси ташкилоти тузилса:

Корхонада ходимларга берилаётган турли имтиёзлар бошланғич касаба уюшма ташкилоти ва иш берувчи ўртасида имзоланадиган, жамоа шартномаси орқали қонунийлаштириб қўйилади;

Сиз иш берувчи сифатида алоҳида тарзда ҳар бир ходимнинг муаммосини эмас, балки касаба уюшмаси ташкилоти орқали ходимларнинг умумий муаммоларини аниқлаш ва уларни биргаликда бартараф этиш имкониятига эга бўласиз;

касаба уюшмаларининг юридик хизмати корхонада меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатларига аниқ ва оғишмай амал қилиниши, меҳнат муносабатларига оид ҳужжатларнинг тўғри юритилиши юзасидан бепул ҳуқуқий-амалий ёрдам кўрсатади;

меҳнат, оила ва фуқаролик қонунчилиги бўйича Сиз ва ходимларингизга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши кафолатланади;

корхонангизда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасида касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати яқиндан ёрдам беради;

корхонангиздаги меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқчи касаба уюшмаларида ташкил этиладиган ўқувларда ўз малакасини ошириши ва олган билимларини корхонада қўллаши учун кенг имкониятлар яратилади;

Касаба уюшмалари тизимида ташкил этилаётган турли танлов, акция ва форумларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишингиз ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий этилган турли имтиёзларга эга бўлишингиз мумкин;

меҳнаткашлар ва уларнинг фарзандлари дам олишлари ҳамда даволанишлари учун касаба уюшмалари тизимидаги санторийларга, шунингдек, болалар оромгоҳларига имтиёзли йўлланмалар билан таъминланадилар;

касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси билан байрамлар, маънавий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирларининг ўтказилиши жамоада доимий соғлом муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади;

ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини республикамизнинг турли тарихий шаҳарларига имтиёзли равишда саёҳатга олиб бориш имконияти яратилади, бу эса ўз ўрнида ходимда кўтаринки кайфиятни таъминлайди;

янги ташкил этилаётган корхона, ташкилот ва муассасалар фаолиятини йўлга қўйишда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича бепул ташкилий-ҳуқуқий ёрдам олишингиз, касаба уюшмалари тизимидаги «Услубий марказ»лар хизматидан бепул фойдаланишингиз мумкин;

ходимлар иш ҳақининг 1 фоизи миқдоридаги касаба уюшмасига аъзолик бадалларининг 60 фоизи корхонангизда ташкил этилган бошланғич касаба уюшмаси ихтиёрида қолдирилади ва ушбу маблағ ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, режали тадбирлар ўтказиш, имтиёзли равишда йўлланмалар олиш каби мақсадларга йўналтирилади.

 

Бугунги кунда иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат ва ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи энг муҳим ҳужжат ЖАМОА ШАРТНОМАСИ ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига биноан, меҳнат муносабатларидаги бир қатор масалалар фақат ушбу ҳужжат воситасида ҳал қилиниши мумкин.

Хусусан:

ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш;

ишлаб чиқариш заруратига биноан дам олиш кунлари ходимларни ишга жалб этиш;

тўлиқ моддий жавобгарлик ҳақида шартнома тузиш мумкин бўлган ходимлар тоифаларини белгилаш;

ходимларга мукофотлар, моддий ёрдам, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар, қўшимча таътиллар белгилаш;

меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини амалга ошириш;

иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни қўллаш каби меъёрий ҳолатлар ечими жамоа шартномалари орқали қилади.

Жамоа шартномаси имзолангач унинг меъёрлари барча текширувчи органлар ва тижорат банклари томонидан тан олиниши шарт.

Print Friendly, PDF & Email