ХОРАЗМЛИК ФАХРИЙЛАРНИНГ ВОҲАМИЗГА САФАРИ

Адашмасам, 1982 йилнинг ўрталари эди, – дея ҳикоясини бошлади урганчлик Матмурат Норбоев. – Кобул ва Ғазна шаҳарлари орасидаги масофанинг саксонинчи километрида даҳшатли тўқнашув бўлди. Ўзим хизмат қилган 191-махсус мотоўқчи полкдаги ҳарбийлар ҳам, мужоҳидлар ҳам бир-бирларини аямай қиришди. Кўз ўнгимда бўлим командири ҳалок бўлди. Бизнинг ўша полк таркибидаги 7-ротамиз озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-яроғларни у жойдан бу жойга етказаётганди. Туйқусдан қилинган ҳужум туфайли кўплаб сафдошларимизни йўқотдик. Уларнинг кўпчилиги ўзбекистонлик 17-18 яшар йигитлар эди… Юртимизга қайтганимда эса ўқ овози эшитилмаётганидан ғалати ҳолга тушганим ҳам ёдимда. Мана, орадан шунча вақт ўтибди. Ҳозир ўша воқеаларни эсласам, вужудимни титроқ босади. Шундай пайтларда диёримиздаги тинчлик, хотиржамлик учун Яратганга шукроналар келтираман. Осойишталик қадрини янада теранроқ англайман.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида афғон тупроғида кечган уруш билан боғлиқ шу каби мунгли хотираларни, бугунги осуда ҳаётимизга шукроналик изҳорини яқинда Бухоро ва Самарқанд вилоятлари бўйлаб саёҳат қилган эллик чоғли хоразмлик собиқ байналмилалчи жангчининг кўзию сўзида уқиш, эшитиш мумкин эди. Мазкур тадбир Афғонистон ҳудудидан собиқ иттифоқ армиясининг чекланган қўшинлари олиб чиқилганига ўттиз йил тўлиши муносабати билан, шунингдек, ички туризмни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалар Федерацияси ташаббуси асосида уюштирилди.

Хусусан, шариф шаҳарга саёҳат давомида фахрийлар кўҳна Арк қалъасини, Пойи Калон мажмуасини, Лабиҳовуз ансамблини ва бошқа тарихий обидаларни бориб кўрдилар. Шунингдек, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилдилар. Ўз навбатида, улар вилоятимиз марказида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.

Азим кентга кириб келдиг-у, чарчоқни ҳам унутдик, – дейди таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасининг Хонқа туман кенгаши вакили Улуғбек Абдуллаев. – Умуман, юртимизнинг ҳар бир гўшаси ўзига хос, бетакрор. Ҳамма ёқда янгиланишлар, ўзгаришлар… Буларнинг бари тинчликдек бебаҳо неъмат шарофатидан… Шу нарсани биз, қачонлардир уруш кўрганлар юрак-юракдан ҳис қиламиз. Негаки бемақсад бошланган, собиқ шўро давлати учун самарасиз кечган афғон уруши минглаб ватандошларимиз ҳаётини заҳарга айлантирганди. Буни унутиб бўлармиди?! Шу боис ёшларга, эртамиз эгаларига “Биз кўрганни сизлар кўрманг!” деймиз.

Ўз вақтида жанггоҳларда неча бор ўлимдан қолган, саёҳат баҳона дийдорлашиб, дилдан суҳбат қураётган фахрийларнинг кўрсатилаётган бугунги эътибордан миннатдор нигоҳларига боқарканмиз, Улуғбек аканинг сўзлари замиридаги ҳақиқатни англаймиз.

Рустам Ибрагимов

Print Friendly, PDF & Email