Меҳр-оқибат, янгиланиш, яшариш ва поклик тимсоли ҳамда халқимизнинг энг қадимий ва миллий байрами ҳисобланган Наврўз умумхалқ байрами вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан ҳам муносиб кутиб олинди.
Байрам арафасида корхона, ташкилот, муассасалар, қишлоқ ва гузарлардаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида касаба уюшмаларининг ҳам иштироки таъминланди.
Меҳнат жамоаларида она заминни асраб-авайлаш, унинг неъматларини, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват қиладиган маданий-маърифий тадбирлар уюштирилди, ёлғиз қариялар, ногиронлар ва меҳнат фахрийлари, кам таъминланган, кўмакка муҳтож кишиларга моддий ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирлари амалга оширилди. “Ўзбекистон бўйлаб саёхат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида Наврўз байрами муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг вилоят ҳудудидаги ҳамда тарихий шаҳарларга саёҳатлари ташкил этилди.
Наврўз байрами муносабати билан бирлашма кенгаши томонидан “Қўҳна ва боқий Бухоро” мажмуасида “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!” деган ғояни ўзида мужассам этган маданий тадбир ўтказилди.Тадбир доирасида туман ва шаҳар кенгашлари ўртасида “Наврўз дастурхони” танлови, тадбир ўтадиган майдонда “Варрак сайли” тадбири, “Оқ теракми, кўк терак”, “Арқон тортиш”, “Чиллак” каби миллий ўйинлар, ёш ижодкорлар иштирокида “Наврўз менинг нигоҳимда” расмлар танлови ўтказилди. Ғолибларга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Бухоро вилояти касаба уюшмалари
ташкилотлари бирлашмаси кенгаши
маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими