Энг кам иш ҳақи атамаси ўзгарди

Таҳлилларга кўра мамлакатимизда ҳозирда 750 та норматив ҳужжатда, жумладан 75 та қонун, 31 та фармон, давлат раҳбари ва Ҳукуматнинг 650 та қарорида энг кам иш ҳақи миқдори қайд этилган.

Хориж тажрибасига кўра иш ҳақи, пенсия, жарима ва бошқа тўловлар
бир-биридан мустақил тарзда ҳисобланади. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра жаҳоннинг 172 мамлакатида  меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори кўрсаткичи жорий этилган.

Хусусан, Францияда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инфляция даражасидан келиб чиқиб автоматик тарзда оширилади. Германия, Япония ва Канада каби давлатларда меҳнатга соатбай ҳақ тўланади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар тайинлаш ҳамда солиқлар, давлат божлари, жарималар, йиғимлар ва бошқа тўловларни ундириш ўртасидаги шартларнинг боғлиқлигини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5723-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига қуйидаги миқдорлар белгиланди:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 577 170 сўм;

базавий ҳисоблаш миқдори – 202 730 сўм;

пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 202 730 сўм.

 Бунда:

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори маош, устамалар, қўшимча ҳақ, гонорар, қўшимча иш учун компенсация тўловлари ва рағбатлантирувчи тусдаги тўловларнинг бошқа турлари, шунингдек, қонунчиликда белгиланган ушланмалар, илгари энг кам иш ҳақига нисбатан белгилаб қўйилган бошқа тўловлар миқдорини аниқлашда ҳамда оилаларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлиги ва ишсизлик бўйича нафақалар миқдорини аниқлашда қўлланилади.

Белгиланган меҳнат нормаларини тўлиқ бажарган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг қуйи чегараси сифатида ташкилий-ҳуқуқий шакли ва меҳнат муносабатларидан қатъий назар барча иш берувчилар учун мажбурий ҳисобланади.

Базавий ҳисоблаш миқдори эса қуйидагиларни аниқлашда қўлланилади:

-солиқлар, йиғимлар, жарималар, давлат божлари ва кўрсатилаётган давлат хизматлари учун бошқа тўловларнинг миқдорларини, Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори пенсиялар, устамалар, қўшимча ҳақ ва компенсация тўловлари, шунингдек, ходимлар соғлиғига етказилган зарарни қоплашда қўлланилади.

Энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган устамалар, қўшимча ҳақ, мукофотлар ҳамда бошқа компенсация ва рағбатлантирувчи тусдаги тўловларнинг барча турлари мазкур тўловларнинг сўмда ифодаланган амалдаги миқдорларини сақлаб қолган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Фармонга мувофиқ мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини қайта кўриб чиқиш ҳамда нафақалар, компенсациялар ва тўловларнинг алоҳида турлари миқдорларини мутлақ суммада белгилаш бўйича ҳамда Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини қўллаш ҳамда ташкилотларда меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш тизимини белгилаш бўйича методик тавсияларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланган.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу Фармоннинг қабул қилиниши иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, жарималар, тўлов-контрактлар ва бошқа мажбурий тўловлар ошишига олиб келмайди.

Бирлашма кенгаши Меҳнаткашларнинг

ижтимоий-иқтисодий манфаатларини

ҳимоя қилиш бўлими етакчи мутахассиси

Л.Баракаева

Print Friendly, PDF & Email