“ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ТАРБИЯЧИСИ ” КЎРИК -ТАНЛОВИНИНГ ТУМАН БОСҚИЧИ

Болажонларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва қизиқишини ошириш, қалби ва онгига эзгу фазилатларни сингдириш тарбиячилардан катта маҳоратни, ўз касбига садоқат ва фидойиликни талаб этади.

Ғиждувон туман мактабгача таълим бўлими томонидан  жорий йилнинг 16 май куни ташкил этилган “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловида энг иқтидорли, салоҳиятли тарбиячиларни аниқлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу танлов  “Энг яхши  методист-тарбиячи”, “Энг яхши  ижодкор  тарбиячи”, “Инновацион  ва ахборот  технологияларини қўллайдиган  энг яхши  тарбиячи”  номинациялари бўйича ўтказилди.

“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловидан кўзланган асосий мақсад илғор, ижодкор, изланувчан, ташаббускор тарбиячиларни аниқлаш, уларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун имкон яратиш, инновацион технологиялардан намунали фойдаланаётган соҳа ходимларининг иш услубини оммалаштиришдан иборатдир.

Танловда тарбиячиларнинг ижтимоий-сиёсий, таълим-тарбия, маънавий-маърифий жабҳалардаги билимлари, “Болажон”, “Билимдон” ўқув дастурларини амалиётга кенг қўллаш қобилияти синовдан  ўтказилди.  Иштирокчиларнинг якка ва гуруҳларда маҳорат билан ишлаши, фаолиятига ижодий ёндашиши, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиши каби жиҳатларига асосий эътибор қаратилди.

Танлов натижаларига кўра,  “Энг яхши  ижодкор  тарбиячи” номинацияси бўйича 1-ўринни 8-МТМ тарбиячиси Ойгул Ҳодиева, “Энг яхши  методист-тарбиячи” номинацияси бўйича 1-ўринни 21-МТМ тарбиячиси Гуллола Шодиева, “Инновацион  ва ахборот  технологияларини  қўллайдиган  энг яхши  тарбиячи” номинацияси бўйича 1-ўринни 16-МТМ тарбиячиси Қурбонова Назира эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғиждувон туман кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбирда тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Бухоро вилоят бўйича масъул ташкилотчиси   Р.Носирова, туман кенгаши раиси Ю.Ҳомидов иштирок этди.

М. Рўзиева

Ғиждувон туман кенгаши ҳисобчиси

Print Friendly, PDF & Email