Жамият тараққиётида юрт, миллат тақдирида ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий баркамоллиги, интеллектуал салоҳияти муҳим ўрин тутади. Шу боис, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус кенг жамоатчилик томонидан қўллаб–қувватланди.
Ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши ташаббуси билан ҳамда Бухоро шаҳар халқ таълими бўлими ҳамкорлигида 9 май -Хотира ва Қадрлаш кунига бағишлаб 4-6 май кунлари Бухоро шаҳридаги умумий ўрта таълим мактаблари 8-синф ўқувчилари ўртасида мини-футбол бўйича спорт мусобақаси ташкил этилди. Мусобақанинг саралаш босқичи 4 та ҳудудда ўтказилиб, 42 та жамоа, 336 нафар ўқувчи иштирок этди.
6 май куни Бухоро шаҳридаги 1-умумий ўрта таълим мактабида мусобақанинг финал босқичи ўтказилди. Қизғин давом этган мусобақа натижаларига кўра, 1-ўринни 37-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси, 2-ўринни 3-сон умумий ўрта таълим мактаби жамоаси, 3-ўринни 2-сон умумий ўрта таълим мактаби жамоаси эгалладилар. Мусобақа ғолиблари ҳамда иштирокчилари шаҳар кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси
Бухоро шаҳар кенгаши раиси Дилафруз Аралова