Бухорода касаба уюшмалари етакчиси сайланди

Жорий йилнинг 7 август куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг VIII мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда ташкилий масала кўрилди ва  кенгаш аъзолари томонидан Олимов Муҳаммадқосим Ҳошимович номзоди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг  Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг раиси лавозимига сайланди.

Олимов Муҳаммадқосим Ҳошимович 1958 йил Бухоро вилояти, Вобкент туманида туғилган. 1979 йил Тошкент халқ-хўжалиги институтини тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи. У фаолияти давомида турли раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилиб, 2004-2007 йилларда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг иқтисодий таҳлили ва прогнозлаш бошқармаси бошлиғи-қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича мажмуа раҳбари ўринбосари, 2007-2018 йилларда Ромитан тумани ҳокими сифатида самарали фаолият кўрсатган.

М.Олимов Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раислигига сайлангунга қадар, Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани “ТСТ Агрокластер” МЧЖ бош директорининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.

Мажлисда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Маҳмадалиев Бахтиёр Ҳасанович иштирок этди.

Матбуот хизмати

Print Friendly, PDF & Email