Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва бартараф этишда касаба уюшмаларининг ўрни

Жорий йилнинг 14-23 август кунлари Қоракўл, Олот, Жондор, Ромитан, Пешкў, Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон, Қоровулбозор, Бухоро туманлари ҳамда Когон ва Бухоро шаҳарларида “Мажбурий меҳнатнинг  олдини олиш ва бартараф этишда касаба уюшмаларининг ўрни” мавзусида семинарлар ўтказилди.

Семинарларда тармоқ касаба уюшмалари туман (шаҳар) кенгашлари раислари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, иш берувчилар вакиллари туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ҳамкор ташкилотлар масъуллари қатнашди.

Ўтказилган семинарларда мажбурий меҳнатнинг олдини олишда касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар таъкидлаб ўтилиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам Республикада мажбурий меҳнатни батамом йўқ қилиш бўйича тизимли
чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётгани, хусусан, жамоа шартномалари ва меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш борасида корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг масъулияти кучайтирилди. Касаба уюшмалари томонидан жойларда мажбурий меҳнат аломатлари аниқланганда тезкор хабар бериш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 1092 рақамли “Ишонч телефонлари” ишлаб тургани ҳамда бугунги кунда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида нафақат қишлоқ хўжалиги ишларида, балки иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги корхона ва ташкилотларда ҳам касаба уюшмалари томонидан миллий мониторинг ўтказилиши, шунингдек, касаба уюшма фаоллари ва иш берувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида ўқув машғулотлари ўтказиш тизими йўлга қўйилгани қайд этилди.

Шунингдек, семинарларда иш берувчилар ўз ходимларининг барча соҳадаги, хусусан, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиши, ҳар бир муассасада ходимларнинг меҳнат шартномаси асосида аниқ белгиланган хизмат вазифалари ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш тизими қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгилаб қўйилганлигини унутмасликлари, миллий ҳамда халқаро меҳнат стандартларига қатъий амал қилиши зарур эканлиги таъкидланди.

Семинарлар очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган, иш жараёнида юзага келаётган меҳнат муносабатлари соҳасидаги саволларига тегишли жавоблар олишди.

Бирлашма кенгаши Меҳнаткашларнинг

ижтимоий-иқтисодий манфаатларини

ҳимоя қилиш бўлими

Print Friendly, PDF & Email