Муносиб меҳнат – фаровон ҳаёт асоси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашида “Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни” муносабати билан давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида вилоят бандлик бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят адлия бошқармаси, шунингдек, вилоятдаги ҳамкор бошқарма, ташкилот ва муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари  вакиллари ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида мамлакатимизда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни ҳаётга татбиқ этиш доирасида меҳнат соҳасида ҳам ислоҳотлар олиб борилаётгани, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда
2017-2020 йиллар учун муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурининг изчиллик билан амалга оширилаётгани, 2006 йилда Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси томонидан 7 октябрь “Муносиб меҳнат куни” деб эълон қилингани, ҳозирги вақтда
130 дан ортиқ мамлакатларда ушбу кун касаба уюшмалари томонидан нишонланиб келинаётгани таъкидланиб, мазкур сана муносабати билан Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан мазкур санага бағишлаб давра суҳбати ўтказилаётганлиги, давра суҳбатини  ўтказишдан мақсад вилоятдаги корхона, ташкилотларида меҳнат қилиб келаётган меҳнаткашлар учун иш берувчилар томонидан халқаро стандартларга асосан муносиб меҳнат шароитларини яратиш, муносиб иш ҳақи  тўлаш, хавфсиз меҳнат шароитларида ишлашларини таъминлаш, уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларига амал қилиш, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенциялари талабларига  риоя этилиши бўйича фикр алмашиш, бу борада олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишдан иборат эканлиги тўғрисида сўз юритилди.

Давра суҳбати дастурига асосан “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили Давлат дастури” доирасида меҳнат соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган асосий ўзгаришлар тўғрисида”, “Бандлик, иш ҳақи, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги соҳаларида касаба уюшмаларининг вазифалари” ва “Муносиб меҳнат концепциясини тадбиқ этиш борасида Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида” каби мавзуларда вилоят вилоят Бандлик бош бошқармаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари томонидан маърузалар қилинди.

Мазкур сана анъанавий равишда нафақат касаба уюшмалари, балки муносиб меҳнат тамойилларини самарали равишда илгари суриш, хусусан, ҳар бир меҳнат кишисига сифатли иш жойи, адолатли иш ҳақи, ижтимоий ҳимоянинг ишончли даражаси, хавфсиз меҳнат шароитлари, ўз меҳнат ҳуқуқларидан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлашга тайёр эканлигини намоён этаётган давлат органлари ва иш берувчилар томонидан ҳам нишонлаб келинаётган мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларига амал қилиш учун давлат, иш  берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида самарали ижтимоий мулоқот йўлга қўйилган. Буни Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида
ижтимоий-иқтисодий  масалаларга оид  2017-2019 йиллар  учун имзоланган Бош келишув мисолида кўришимиз мумкин. Жумладан, бугунги кунда вилоятимизда Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2019-2021 йиллар учун ҳудудий келишув, бевосита корхона ва ташкилотларда эса 6,6 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларида, шу жумладан, меҳнат соҳасида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пул-кредит сиёсатини, меҳнат, солиқ, пенсия ва молия соҳасидаги қонунчиликни либераллаштириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар натижасида охирги йилларда иш ҳақи бўйича сурункали қарздорликни бартараф этиш, иш кучи мобиллигини ошириш, фуқароларни ҳорижда ишга жойлаштириш жараёнини соддалаштириш, педагоглар, тиббиёт ва маданият ходимлари, шунингдек, давлат бюджетидан молиялаштирилувчи бошқа тармоқлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш каби масалаларнинг самарали ҳал этилишига эришилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, охирги йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг бирлашиш эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоялаш тўғрисидаги 87-Конвенцияси, халқаро меҳнат меъёрларини қўллашга кўмаклашиш учун учтомонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-Конвенцияси, саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-Конвенцияси, қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-Конвенцияси, мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-Конвенцияга Протокол ратификация қилинди. Шунингдек, Республикада мажбурий меҳнатни тўлиқ бартараф этиш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги Фармонига мувофиқ одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия ташкил этилди.

Жорий йилда меҳнат бозорини тартибга солиш соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик ўзгаришлардан бири янги иш ўринларини ташкил этишга давлат буюртмасининг жорий этилгани, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламидан бўлган шахслар учун субсидияланган бандликнинг амалга киритилгани, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ишсиз фуқароларга грантлар тақдим этилиши бўлди.  Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, жорий йилда илк бора меҳнатга ҳақ тўлашнинг туман коэффициентлари, шунингдек, оғир ва ноқулай табиий-иқлим ва маиший шароитли жойлардаги ишларда банд бўлган ходимларга йиллик қўшимча таътилларнинг минимал давомийлиги тасдиқланди.

Тадбир якунида эса сўзга чиққан иштирокчилар маърузаларида тўхталиб ўтилган меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик жиҳатлар бўйича қизғин мунозаралар бўлиб ўтди ва иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари ўртага ташланди. Иштирокчилар давра суҳбати жараёнида бўлиб ўтган мулоқот фойдали ва самарали бўлгани ҳамда корхона ва ташкилотлар учун фуқаролар муносиб меҳнатини таъминлаш борасидаги масалаларни ҳал этишда амалий кўмак бўлганини таъкидладилар.

Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий

манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими

Print Friendly, PDF & Email