ЮКСАК ИШОНЧ – ҚАТЪИЙ МАСЪУЛИЯТ ИФОДАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида яқинда бўлиб ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигига эришиш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, янгича иш услубига эга дунёқараши кенг судьялар корпусини шакллантириш йўлида амалга оширилган чинакамига халқчил ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, соҳада ҳали ечимини кутаётган тизимли муаммолар, фуқароларнинг судга бўлган ишончини қозонишда олдимизда турган қатор вазифалар, йўл қўйилаётган камчиликлар, соҳада мавжуд халқимизни қийнаб келаётган муаммолар, жамоатчилик билан мулоқотда судлар зиммасидаги муҳим масалалар танқидий муҳокама қилиниб, бу борада қисқа муддатларда тезкор ҳал этилишига қаратилган “йўл харита”си ҳам белгилаб берилди.

Мазкур йиғилишнинг эътиборли томони шундаки, давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган масалалар нафақат суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, балки Парламент аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вазирликлар,  қўйингки кенг жамоатчилик иштирокида очиқ ва шаффоф руҳда бирма-бир муҳокама қилиниб, кескин мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.

Айни мана шу жиҳати билан ҳам ушбу йиғилишда айтилган фикрларни мен Президентимиз томонидан биз судьяларга билдирилган навбатдаги юксак ишонч, имконият, қолаверса келгусида фаолиятимиз учун ўзига хос дастуриламал бўлувчи мурожаат   сифатида қабул қилдим. Албатта, муҳтарам Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ўткир ислоҳотларнинг дастлабки натижаларини барчамиз жамиятимизда, оддий фуқаролар ҳаётида кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз. Бундай илдам демократик қадамларга бугун халқаро экспертлар хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, юксак ижобий баҳо беришмоқда.

Аммо, суд ҳокимияти вакили сифатида қисқа муддат ичидаги бу жараёнлардаги кенг қамровли прогрессив ўзгаришлардан шахсан менинг энг катта хулосам шу бўлдики,  биз “халқ билан мулоқот”ни ўргандик. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган хаётий тамойил ҳақиқатдан ҳам бизни кабинетлардан чиқариб, инсонлар билан қандай мулоқот олиб бориш лозимлигини, жойларда сайёр қабулларни, сайёр суд мажлисларини қандай ташкил этишни, фуқаролар, тадбиркорлар билан қандай муомалада бўлишни очиқлаб берди.

Давлат раҳбари томонидан билдирилган ҳақли таъкидларлардан —  ҳали биз халқимизнинг ишончини тўла қозона олиш, инсон ҳуқуқларини энг олий қадриятга айлантириш, адолатли суд ҳокимиятини барпо этиш йўлида катта қадамлар қўйилган бўлсада, лекин фуқароларнинг суд идораларидан рози бўлишига эришиш, суд мажлисларини ошкора ва шаффофликда ўтказиш, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан қўрқмасдан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш борасида талай муаммолар борлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Тўғри, суд ҳокимияти мустақил, бирор бир давлат органи ёки мансабдор шахс суднинг фаолиятига у ёки бу тарзда аралашиш тугул, ҳатто қабул қилинган суд ҳужжати бўйича тушунтириш беришни сўрашга ҳам ҳақли эмас. Аммо бу дахлсизлик бизга жамоатчиликдан узилиб қолиш, амалга оширилаётган ислоҳотлардан чеккада туриш дегани ҳам эмас албатта.

Шунинг учун ҳам Президентимиз бежизга бугунги кунда судлар, депутатлар ва жамоат ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамфикрлилик ва ҳамкорлик алоқалари йўқлигини, халқ депутатлари кенгашлари судларнинг ҳисоботини эшитиш билангина чекланиб қолаётганлигини, одамларни ўйлантираётган, қийнаётган муаммолар ҳамжиҳатликда муҳокама қилинмаётганлиги сабабли ҳам масаланинг негизи ечилмаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Хўш, жамиятимизда одил судловга бўлган ишонч ва адолат ҳиссини мустаҳкамлаш, очиқликни таъминлаш, суд органлари ҳаракатларидан норози бўлиб ёзилаётган мурожаатларни камайтириш учун нималарга эътибор беришимиз жоиз?

Менинг назаримда албатта кимдир судда ютқазиши аниқ, лекин шунга қарамасдан биз ҳақ тарафнинг нима сабабдан ҳақлилигини, ноҳақ томоннинг эса нима учун ноҳақлилигини аниқ далиллар билан, қонун ҳужжатларининг талабларини эринмасдан тарафларга обдон тушунтириб беришимиз керакдай.

Шунингдек, ҳар қандай вазиятда ҳам биз фуқароларнинг судьянинг қароридан майли, лекин унинг хатти-ҳаракатларидан норозилигини келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслигимиз лозим.

Тўғриси, бугун судлар томонидан маҳаллий кенгашлар олдида берилаётган ҳисоботларда натижадорлик эмас, аксинча “расмиятчилик” кўпроқ кўринаётганга ўхшайди. Судлар у ёки бу йўналиш бўйича ҳисобот тақдим этдими, депутатларимиз қатъий туриб муҳокама қилишлари, қайси маҳаллада ажримлар ёки ҳуқуқбузарликларнинг сабабларини ўрганиб, манзилли сайёр юришларни ташкил этишлари лозим бўлади.

Демак, бу борада ҳам ҳали ҳамкорликда қилиниши зарур бўлган ишларимиз талайгина эканлигини кўрсатмоқда.

Қолаверса, яқинда тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида белгилаб берилган муҳим вазифалар ҳам катта масъулият юклаши билан бирга айни пайтда унинг ижросини изчил таъминлашда, одил судлов йўли билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имиджини, унинг обрў-эътиборини оширишда ғоят муҳим қадам бўлди.

Шундай экан, буларнинг барчаси биздан янада ташаббускор ва халқпарвар судья бўлиб шаклланишимизни, адолатли суд ҳокимиятини барпо этишда собитқадамлик билан судьялик қасамёдига сўзсиз риоя этишимизни, судьянинг фаолиятига, унинг юриш-туришига халқнинг баҳо беришини ҳеч қачон унутмаслигимизни ва шунга монанд йўл тутишимизни талаб этади, қилаётган ҳар бир ҳаракатимиз эса фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган адолат ва ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши зарур.

Қоракўл туманлараро иқтисодий суди

судьяси Н.Зоиров

Print Friendly, PDF & Email