ПАХТА-2020: ДОЛЗАРБ МАСАЛА АНЖУМАН МУҲОКАМАСИДА

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан тасдиқланган жадвалга асосан жорий йилнинг
11 сентябрь куни Бухоро вилоятида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда 2020 йилги пахта йиғим-терим ишларига тайёргарлик кўриш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вилоят бандлик бош бошқармасида ўтган ушбу тадбирда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳудудий комиссияси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, қишлоқ хўжалиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, тижорат банклари мутасаддилари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар. Унда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсуми бошланиши муносабати билан жойларда амалдаги меҳнат қонунчилиги меъёрлари бузилишининг олдини олиш масалалари, бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Анжуманда дастлаб вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Анвар Ҳамроев фуқароларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича йиғилганларга маълумот берди.

Таъкидландики, Пахта-2020 мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик учун ҳамкор ташкилотлар билан тарғибот-ташвиқот ишларининг олиб борилаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Вояга етмаганлар айниқса болаларнинг пахта йиғим-терим ишларига жалб қилинмаслиги, бу борада улар ҳатто ота-онасига ҳам ёрдамлашиши мумкин эмаслиги борасида тушунтириш ишлари мунтазам йўлга қўйилганлиги таъкидлаб ўтилди. Бу ишлар самарадорлигини янада оширишда оммавий ахборот воситаларининг кўмаги зарурлиги ҳам айтилди.

Тадбир давомида вилоят касаба уюшмалар ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов шу жиҳатларга урғу бериб, аҳоли хабардорлигини ошириш учун мажбурий меҳнат маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилангани, касаба уюшмаларининг ишонч телефони, миллий ва халқаро меҳнат стандартлари ҳақида ҳам тўхталди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва тармоқ касаба уюшмаларининг туман, шаҳар кенгашлари томонидан жойларда пахта йиғим-терими мавсуми олдидан Ўзбекистонда муносиб меҳнат концепциясини амалга ошириш, ХМТнинг ратификация қилинган конвенциялари ҳамда Халкаро меҳнат стандартлари мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган онлайн шаклдаги семинарлар ўтказилиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, таълим, соғлиқни сақлаш, маҳалла, фермер хўжаликлари ва агрокластерлар вакилларига шу ҳақда маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, айни шу мақсадда туман марказларининг гавжум жойларига 26 та баннер, корхона, ташкилот ва муассасаларга мингдан ортиқ плакат, шунингдек, меҳнаткашлар ҳамда аҳоли вакиллари учун 13 мингта флаерлар тайёрланаяпти.

Маълумки, бу йил ҳам пахта йиғим-терими даврида мавсум давомида теримчилар учун шарт-шароит яратиш ва уни баҳолаш, болалар, ўқувчилар, талабалар, бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан, умуман, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланишга йўл қўйилмаслик, бунинг учун жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш юзасидан Миллий мониторинг ўтказилади. Миллий мониторинг гуруҳлари раҳбарлари рўйхати Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тасдиқланиб, тегишли гуруҳ шу йилнинг сентябрь ва октябрида Бухоро вилоятида фаолият олиб боради. Ушбу муддат чоғида гуруҳ аъзолари вилоятнинг барча туман, шаҳарларига, жумладан фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилотлар, таълим, тиббиёт муассасалари ҳамда бевосита пахта далаларига бориб, мониторинг ишларини юритишлари режалаштирилган. Анжуманда шу тўғрисида ҳам сўз борди.

Шунингдек, матбуот анжуманида мавзу юзасидан ҳар бир соҳа вакиллари  жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши, мавсумни мажбурий меҳнатга йўл қўймаган ҳолда ташкил этиш, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари, мавсумий ишчиларни йиғим-терим ишларига жалб этишда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиш, фермер хўжаликлари, кластерлар иш берувчилари олдидаги вазифалар, пахта йиғим-терими ишларини ташкил этишда санитария гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этиш юзасидан батафсил ахборот беришди.

Бу мавсумда вилоят бўйича жами 97 минг 900 гектар майдонда пахта хом-ашёси парвариш қилинган бўлиб, давлатга пахта сотиш режаси 331 минг 800 тонна белгиланган. Ушбу саноатбоп маҳсулотни ўз вақтида йиғиб-териб олиш учун 221 минг 500 дан ортиқ теримчидан иборат 2 минг 100 та отряд ташқил қилинган. Айни вақтда барча отрядлар таркиби тўлиқ шакллантирилган бўлиб, теримчилар саломатлигини назорат қилиш учун ўз ҳудудларида фаолият юртиаётган ҚВП ва ҚОПларда ишловчи тиббиёт ходимлари бириктирилган. Отрядларга терим пулларини ўз вақтида етказиб бериш учун вилоят “Агробанк” АТБ томонидан 274 нафар ходим жалб қилинган ва қўшимча яна 100 нафар ходим жараёнда иштирок этиши кўзланяпти. Айни дамда Бухоро вилояти бўйича фақат Қоровулбозор туманининг айрим пахта далаларида теримга киришилган.

Матбуот анжуманида турли соҳа вакиллари шу йилги йиғим-терим мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари, мавсумий ишчиларни йиғим-терим ишларига жалб этишда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиш, фермер хўжаликлари, кластерларнинг иш берувчилари олдидаги вазифалари, жараёнда санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилиш бўйича батафсил ахборот беришди.

Тадбирда ОАВ ходимлари, мустақил журналист ва блогерлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

 

Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий

манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими

Print Friendly, PDF & Email