Cоғлом  ҳаёт сари  қўйилган қадам

Юртимизда  барча соҳаларда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, қолаверса ижтимоий, маънавий- маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчиси- ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намойиш қилишлари учун зарур  шароитлар   яратишга йўналтирилган. Бугун ИИВ тизимида ҳам бу борада самарали ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.  Жумладан, ИИВ Бухоро академик лицейида ходимлар ва ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиш, турли спорт мусобақалари ўтказиш учун ҳам барча  шарт-шароитлар яратилган.  Лицей спорт зали ва янгидан барпо этилган спорт майдони замон талабларига мос тарзда, барча керакли спорт анжомлари билан таъминланган. Доимий равишда спортнинг стол тенниси, волейбол, мини футбол, шахмат, шашка, теннис, кураш турлари бўйича спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилда ИИВ Бухоро академик лицейига 19 нафар спортчилар имтиёз асосида ўқишга қабул қилинди. Бундан ташқари академик лицейимизда фахрланса арзигулик спортчи ўқувчиларимиз бор. Жумладан, спортнинг қўл жанги ва  комбат айкидо тури бўйича  Халқаро турнир ғолиби, енгил атлетика ва ўзбек жанг санъати бўйича 4 нафар Осиё чемпионлари, спортнинг бир қанча  турлари бўйича  37 нафар Республика чемпионлари,  5 нафар I разрядли ,  бир нафар III разрядли спортчилар, 10 нафар спорт усталари, 6 нафар спорт  усталигига  номзодларнинг борлиги кишида  беихтиёр  фахр туйғусини   уйғотади.

Куни кеча академик лицейимизда Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига мувофиқ ишлаб чиқилган чора- тадбирлар ва “ Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”  Давлат дастури ижросини амалга ошириш мақсадида  “Cоғлом ҳаёт сари қўйилган қадам” номли  катта спорт байрами ташкил этилди.

Ушбу байрамона таўкил этилган спорт тадбири эрталабки бадантарбия билан бошланди. Эрталабки бадантарбия  нафақат жисмоний саломатлик гарови, балки инсоннинг руҳияти ва кайфиятини кўтарувчи, кунни янги куч-қувват ва иштиёқ билан бошлашга туртки берувчи муҳим восита бўлиб, бу  шубҳасиз, ўқиш жараёнидаги янги ёндашув, жамоада эса кўтаринки кайфиятни ташкил этди. Шундан сўнг ушбу спорт тадбири ўқувчилар ва ўқитувчилар  ўртасида ташкил этилган турли спорт ўйинлари билан давом этди.  Меҳнат жамосида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оммавий спортга кенг жалб этишга қаратилган ушбу  спорт тадбири  соғлом ҳаёт сари қўйилган қадамлардан биридир, десак муболаға бўлмас.

ИИВ Бухоро академик лицей касаба  уюшма

қўмитаси  раиси   Шарипова Шахноза  Шавкатовна

Print Friendly, PDF & Email