Қалбларга нақш битган Ҳазрат Навоий 580 ёшда

Асрлардан асрларга, насллардан наслларга ўтиб халқлар дилида барҳаёт бўлиш ёлғиз улуғларгагина хос.  Сўз мулкининг султони Алишер Навоий ана шундайлардан бири эди. Шеърият осмонининг сўнмас қуёши Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Бухоро ёшлар марказида “Қалбларга нақш битган Ҳазрат Навоий” деб номланган бадиий кеча ташкил қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларида Алишер Навоий ижодига алоҳида тўхталиб, шоирнинг  “Қуёшлик истасанг, касби камол эт” мисрасини бежизга мисол қилиб келтирмадилар. Бу мисрада сўз ўз соҳасининг, ўз касбининг етук намоёндаси даражасига эришиш, ватанпарварлик, фидойилик, бурч ва садоқат каби юксак фазилатлар ҳақида боради. Қалбларга нақш битган Алишер Навоийнинг ушбу ҳикматли сўзларидан илҳомланиб, шарафли бурчларини садоқат билан адо этаётган Бухоройи шариф устозлари ҳам шоир сиймосига эҳтиром бажо келтириш ниятида ижодкор меросига яна бир бор назар ташладилар.

Байрам дастурини тайёрлаш олдидан шаҳримиздаги умумий ўрта таълим мактабларида она тили ва адабиёт фанидан дарс берадиган устозлар ўртасида, замонавий тилда айтганда, кастинг эълон қилинди. Унга кўра шеърият, мусиқа, рақс, театр соҳаларида иқтидори бор ўқитувчилар саралаб олинди ва улар иштирокида бадиий кеча тайёрланди. Юртбошимиз томонларидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус замирида ҳам ўқувчилардаги истеъдодни юксалтириш ғояси ётади. Ўқитувчи ўзи ижодкор бўлсагина ўқувчи истеъдодини юзага чиқара олади. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш йўлида ана шундай иқтидорни ўзида мужассам этган истеъдодли, чаққон, билимдон, қобилиятли, ижодкор ўқитувчилар Навоий ижоди асосида маҳоратларини намойиш этишди.

Театрлаштирилган бадиий дастур бир гўшага йиғилган барча адабиёт мухлислари қалбида унутилмас хотира бўлиб муҳрланди. Тадбир сўнгида иштирокчилар Бухоро шаҳар халқ таълими бўлимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда шаҳар касаба уюшмасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Каримова  Барчиной

Бухоро шаҳар 39-сон ИДУМ

 бошланғич касаба уюушма қўмитаси раиси.

Print Friendly, PDF & Email