Завқли саёҳат таассуротлари

  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгашининг 2021 йилда ёшларга оид сиёсатини амалга оширишга қаратилган ЁШЛАР ДАСТУРИ ишлаб чиқилди. Мазкур дастурнинг ижросини таъминлаш, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 17-18 февраль кунлари корхона, ташкилот ва муассасаларда ўзининг фаолиятини олиб бораётган 50 нафар ёш фаол касаба уюшма аъзоларининг  Хоразм вилоятидаги тарихий обидалар бўйлаб бепул саёҳатлари уюштирилди.

  Бухоро шаҳридан замонавий автобусда йўлга чиққан ёшлар Урганч шаҳрида тантанали равишда кутиб олинди. Хуш кайфиятда манзилга етиб келган ёшлар “Хоразм палас” меҳмонхонасига жойлаштирилди.

  Хоразмнинг машҳур таомларига бой бўлган тушлик вақтида ёшлар нафақат ички туризм, балки гастрономик туризм иштирокчиси ҳам бўлганларини эътироф этдилар. Шундан сўнг ёшлар дастлаб Ниёз Муҳаммад Охунбобо  жомъе масжиди ва Жалолиддин Мангуберди мажмуасига ташриф буюриб, шонли тарихимизга оид маълумотлар билан танишдилар.Саёҳатнинг навбатдаги манзили “Улли ҳовли” туристик мажмуаси бўлди.

  Кун бўйи амалга оширилган саёҳат таассуротлари тўғрисидаги суҳбатлар кечки маданий дастурга уланиб кетди. Маданий дастур давомида ёшлар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бир-биридан  шўх-шодон қўшиқлар ижро этдилар.

  Саёҳатнинг иккинчи куни кўҳна ва ҳамиша навқирон Хива шаҳридаги очиқ осмон остидаги музей номи билан машҳур “Ичан кальа” мажмуасига саёҳат қилдилар. Бу тарихий масканда улар “Кўҳна арк”, 1000 йиллик тарихга эга бўлган Жума масжиди, Оқ Шайх бобо тепалиги,  Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи, “Тошҳовли” саройи, Қозихона, Маориф музейи билан яқиндан танишиб, мазкур тарихий обидалар тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

  Юқори савияда ташкил этилган туристик саёҳатларнинг ҳар бир манзили ёшларда катта таассуротлар уйғотиш билан бирга, миллий маданий меросимизга бўлган қизиқишларини ҳам оширди. Энг муҳими, ҳар бир саёҳатчи ёш мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан боши осмонга етиб, эртанги кунга бўлган ишончи ортган ҳолда ўз уйларига қайтдилар.

Ёшлар бирлашмаси раиси

Сардор Эргашев

Print Friendly, PDF & Email