Меҳр-оқибат, эзгулик, хайру саховат — халқимизга хос одат. Бу эзгу одатлар касаба уюшмаларига бегона эмас. Айниқса, кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатиш, қалбини қувончга тўлдириш савоби улкан амаллар сирасига киради. Бу каби хайрли ишларда Бухоро вилоят касаба уюшма ташкилотлари ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Бирлашма ҳузуридаги хотин-қизлар комиссияси томонидан 2021 йил 29 март куни “Аёллар мурувват” уйида истиқомат қилаётган кекса онахонлар ҳолидан хабар олиш мақсадида хайрия акцияси ташкил қилинди. Атрофи алвон гуллар ва манзарали дарахтлар билан ўралган мазкур муассаса эшиги саховат йўлини тутган мурувватли кишиларга доимо очиқ. Хайрия тадбирида кийим-кечак, пойафзал, ювиниш воситалари, кундалик зарур анжомлар ва ширинликлар мурувват уйида истиқомат қилаётган, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун ҳадя сифатида топширилди. Тадбирда хотин-қизларни ҳар томонлама ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг турмуш шароитларини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан экани алоҳида таъкидланди.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари
бирлашмаси Хотин-қизлар комиссияси