Яхши дам меҳнатга ҳамдам!

Бугунги кунда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар энг аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган бўлиб, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Барчамизга маълумки, иқтисодиётнинг юкори даромад келтирадиган ва жадал ривожланаётган йирик тармоқларидан бири бўлган туризм айни пайтда, дунё мамлакатлари ва халқларининг маданият соҳасидаги амалий мулоқотида ўзига хос алоқа вазифасини ўтайди.Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ички туризмни ривожлантириш ҳамда ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун саёхатлар ташкил этиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Бухоро вилоят Кенгашига қарашли барча корхона, ташкилот ва муассасаларда қабул қилинган жамоа шартномаларига киритиш орқали ишчи-хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун Республикамизнинг тарихий шаҳарлари ва ҳудуддаги хушманзара жойларга саёҳатларини уюштириш ишлари мунтазам амалга ошириб келинади.Жорий йилнинг 25-26 апрель кунлари тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг афсонавий шаҳар бўлган Самарқанд шаҳрига саёҳатлари ташкил қилинди. Саёҳатчилар Самарқанд шаҳридаги кенг ва равон йуллар, кўркам  бинолар, чет эллик мехмонларни ҳам лол қолдирадиган даражадаги ўзгаришларнинг гувоҳи бўлишди. Кўча ва хиёбонлардаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш  ишлари дилларини яйратди. Шаҳарнинг кўркига-кўрк, ҳуснига ҳусн қўшиб турган қадимий зиёратгоҳлар ва обидалар саёҳатчиларни ўзига жалб этмай қолмади. Саёхат давомида шаҳардаги ободонлаштириш ишлари барчада эстетик завқ бағишлаш билан бирга тарихимизга бир назар ташлашга ҳам ундади. Ишчи-ходимлар қадимий ва навқирон Самарқанднинг энг диққатга созовор жойларини зиёрат қилдилар. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг қабрларини зиёрат қилиб, гуллар қўйдилар. Бундан ташқари  Регистон майдони,  Имом ал Бухорий мажмуаси, Шохи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси бўйлаб саёҳат қилинди.

50 нафар фаол ишчи-ходимлар саёҳатдан бир олам қувонч,бир олам таассуротлар билан қайтдилар. Бу саёҳат меҳмонларнинг хотирасида бир умрга муҳрланиб қолиши табиий бўлиб, бундай ҳордиқли кундан кейин ходимлар ўз ишларига янгича куч-ғайрат билан қайтишлари шубҳасиз…

Л.Баракаева

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлар

касаба уюшмаси Бухоро вилоят Кенгаши мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email