Ҳеч ким оғир дардга чалинмасин экан. Турмуш ўртоғим қандли диабет ва жигар церрози билан оғриган эди. Охир-оқибат бу дардлар у киши ўттиз етти ёшида олиб кетди. Шу мусибатга ҳам уч йилдан ошибди. Бу вақт мобайнида нималар бошимдан ўтди, қандай мушкул ҳолатлар билан юзма-юз келдим – ўзим биламан. Икки фарзандим оталаридан айрилганларида мактаб остонасига энди қадам қўйишганди. Нима қилай, қисмат экан, норасидаларим ота меҳрига тўйишмади. Энди олдимда бир йўл турарди – уларга ҳам она, ҳам ота бўлиш.
Аммо бундай вазифа ўз-ўзидан амалга ошмайди. Изтироб, ўкинч, соғинч ичида нима қиларимни, бошимни қаёққа уришни билмасдим. Ўғлим ва қизимни олиб, ўзим келин бўлиб тушган Сурхон диёрининг Денов туманидан ота маконим Қоракўлга қайтишга қарор қилдим. Бир муддат отамнинг уйида яшадик. Ижарада турган пайтларимиз ҳам бўлди. Хуллас, ўзимнинг муқим уйим бўлмагани боис роса қийналдик. Бултур буйрак ва ўт пуфагимда хасталик борлиги маълум бўлгач, даволанишимга тўғри келди. Турмуш оғирчиликлари боис ҳатто Россияга ишлаш учун кетишга ҳам тайёр эдим. Лекин туман маҳалла ва хотин-қизларни қўллаб-қуввтлаш бўлими бошлиғининг 1-ўринбосари Саломат опа Комилованинг маслаҳатлари сабаб фикримни ўзгартирдим.
Айни ўша дамларда юртимизда айнан Сизнинг раҳнамолигингизда “Аёллар дафтари” номли оламшумул ҳаракат бошланди-ю, адашмаганимни англадим. Боқувчисини йўқотган аёл сифатида номим “Аёллар дафтари”га киритилди ва зарур ёрдамларни олдим. Пандемия авж олган чоғларда иссиқхонада, кейин эса дорихонада ишладим. Қолаверса, уйли бўлдим. Ўз маҳалламиз ҳудудида кўпдан бери қаровсиз ётган, сўнг таъмирланиб ижтимоий хонадонга айлантирилган икки қаватли бинодан яшаш учун ихтиёримизга икки хонли шинам квартира берилди. Қолаверса, “Агробанк”нинг ҳудудий филиалидан ажратилган 10 миллион сўмлик кредит ҳисобидан шу йилнинг май ойида уйимиз яқинида тикувчилик цехи очдим. Ҳозир ўзим каби ночор аҳволда қолган икки нафар хотин-қиз билан биргаликда иш юритяпмиз. Худога шукр, эркаклар ва аёллар кўйлаклари, зардўзи либослар ва чопон тикиш орқали мижозларимиз талаб-эҳтиёжларини баҳолиқудрат қондиряпмиз. Айни пайтда шу орқали ойига ўртача 1,5-2 миллион сўмгача даромад топяпман. Мутасаддилар келажакда цехимизни кенгайтириш учун қирқ кишилик ўринга эга қаровсиз бир бинони ихтиёримизга ажратишни ваъда қилишди. Бундан ташқари, яқинда уч қути асалари берилгани ҳам коримизга яраши тайин.
Бевосита “Аёллар дафтари”доирасидаги бу каби хайрли ишлар рўёбида маҳаллий ҳокимлик ва касаба уюшмаларининг хизмати катта бўлди.
Турмушимиз анча яхшилангани боисми, 3- ва 4-синфларда ўқиётган болаларимнинг жажжи юз-кўзларида фараҳни, эртанги кунга ишончни кўраман. Бунинг сабабчиси эса Сизсиз, Муҳтарам Президент. Сизнинг одилона ва оқилона сиёсатингиз, оталарча ғамхўрлигингиз шарофатидан она диёримизда менга ўхшаган оғир ҳолдаги қанчадан-қанча хотин-қизлар, фарзандларим каби қанчадан қанча қора кўзлар ёруғ кунларга етди ва етяпти. Дарвоқе, қизим гимнастика тўгарагига бормоқда. Ўғлим эса бокс билан шуғулланяпти. Мақсади – худди Баҳодир Жалолов каби Олимпиада чемпиони бўлиб, ватанимиз довруғини жаҳонга таратиш.
Ўтаётган кунларимни кузатиб, шундай хулосага келаманки, сабр ва шукронада гап кўп экан. Ҳаётдан нолимасдан, келажакка ишонч балан яшаш керак экан. Бунга ўз кечмишим мисолида амин бўлдим. Ёмон кунларим ортда қолиб, ёруғ кунларга ҳам чиқиб олдик. Илгари шунчаки кун ўтса бўлди, дея яшаганман. Энди эса ҳаётим изга тушиб, орзу-ҳавасларим ҳам тобора кўпаймоқда. Орзу қилиш нималигини, ҳаётдан завқланиб яшаш нималигини энди тушуняпман. Табиийки, ўғил-қизимни ўқитиб, жамиятга керакли инсон қилиб тарбиялаш, тадбиркор сифатида одамларга манфаат келтириш ва бошқа ниятлар…
Бунинг учун Сиздан ҳар қанча рози бўлсак, миннатдор бўлсак, арзийди. Дунёда давлат раҳбарлари кўп. Аммо бизнинг Юртбошимиздек узоқни кўра биладиган, элига шунчалик қайишадиган жонкуяр йўлбошчи бормикан?!
Машҳура НАВРЎЗОВА,
Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Эски қалъа маҳалласи