Бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган юртимизда кўнгли ўксук ва жисмоний имконияти чекланганлиги боис бошқалардан ўзини четда тутадиган фуқароларнинг эмин-эркин яшашлари, замон талаби даражасида таълим-тарбия олишлари, жорий қилинган барча имтиёз ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланишлари учун барча зарур шарт-шароит яратилаётгани, давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож юртдошларимизга рағбат кўрсатилаётгани айни мақсадга мувофиқ иш. 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан бугун вилоятимизнинг барча ихтисослаштирилган муассасалари, шаҳар ва туманларда жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, хотин-қиз ва болаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳам ана шу олижаноб ва хайрли саъй-ҳаракат инъикосидир.
Сана муносабати билан ҳар йилги эзгу анъанага мувофиқ бугун эрта тонгдан Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий хизматларни ривожлантириш Агентлиги вилоят бошқармасига қарашли Бухоро “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи ҳамда унга ёндош “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун махсус интернат уйида маданий-маърифий байрам дастури бўлиб ўтди.
Халқимизга хос инсонпарварликни ифодаловчи мазкур тадбирларда Республика ҳамда вилоят мутасаддилари, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари, ҳомий корхоналар жамоалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.
— Бухоро шаҳар Абай кўчаси, 59-уйда жойлашган муассасамизда бугунга келиб 305 нафар ногирон – жисмоний имконияти чекланган аёлларимиз истиқомат қилиб келишмоқда, – дейди ташкил этилганига 50 йилдан ошган “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи директори Баҳриддин Тешаев. — Бизда нафақат вилоятимиз, балки қўшни Навоий, Қашқадарё, Хоразм, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент вилояти ва шаҳридан келиб яшаётганларга талаб даражасида меҳр-мурувват, тиббий, маънавий ва моддий ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
— Айни кунда бизда тарбияланаётган болалар сони 280 нафарни ташкил этаётган бўлса, улар учун алоҳида тиббиёт пункти, физиотерапия, стоматология, махсус жиҳозланган ётоқ хоналари, спорт зали, маданият ва маърифат зали, шу каби зарур тармоқ ва шахобчалар ҳозирланган, – дейди “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи директори Баҳодир Олтиев. — Ўтган аср етмишинчи йилларида фаолият бошлаганига қарамасдан, қарийб 1,5 гектар майдонни эгаллаган маъмурий биноларимиз ва бошқа ёдамчи хўжалигимиз ўтган йилларда давлат бюджети ҳисобидан мукаммал таъмирдан чиқарилиб, жиҳозланган. Ҳозирда муассасамиз ногиронлиги бўлган болаларда учрайдиган касалликларни эрта аниқлашга ихтисослашган замонавий диагностик аппаратлар билан таъминланаётгани ҳам эртамиз эгаларига бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яққол нишонаси, албатта.
Маданий-маърифий тадбирда жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз, гарчи танасида нуқсони бўлсада ҳеч кимдан кам бўлмай униб-ўсиб келаётган болаларимизни жамоатчилик вакиллари, жумладан, республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси Дилшод Усмонов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Шахриёров, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Маҳала ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Феруза Ибрагимова ҳамда бошқалар самимий муборакбод этдилар. “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи ҳамда ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида истиқомат қилаётган ва тарбияланаётганларга мутасаддилар, ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.