Йил сарҳисоби

      Тажрибадан маълумки, бир турдаги фаолият билан шуғулланувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, иш суръатининг ошишига, сифатли хизмат кўрсатишга, меҳнат унумдорлигининг натижадорлигига сабаб бўлади.Касаба уюшмалари ташкилотлари ўртасида ҳам шундай муҳитни ташкил этиш мақсадида, турли соҳаларда ўз фаолиятини олиб бораётган тармоқ касаба уюшмаларининг вилоятдаги қуйи бўғинлари ўртасида 2021 йилнинг бошида Рейтинг кўрсаткичлари эълон қилинган эди.Мана бугунги кунга келиб, ғалвирни сувдан кўтариб, ўтган йилда эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиш вақти келди.

      Касаба уюшмалари фаолияти тармоқ принципида ташкил этилиб, вилоятда 8 та тармоқнинг вилоят кенгашлари, бирлашган қўмиталари, 36 та туман, шаҳар кенгашлари 2188 та бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида 309352 нафар касаба уюшмалари аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилади.Касаба уюшмалари ўз фаолиятида аъзоларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилар экан, ташкил этилган рейтингда ҳам асосий кўрсаткичлар қилиб касаба уюшмаларининг асосий йўналишлари олинди.Касаба уюшмаларига янги аъзоларни қабул қилиш, жамоа шартномалари билан ишлаш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спорт, туризмни ривожлантириш, меҳнат муҳофазаси, мурожаатлар билан ишлаш каби 24 та йўналиш бўйича 200 баллик тизимда касаба уюшма ташкилотларининг фаолияти баҳоланди.      Рейтинг натижаларига асосан, тармоқлар ўртасида маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси 122 балл билан 1-ўринни, таълим ва фан ходимлари 115,9 балл билан 2-ўринни, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси 3-ўринни эгаллади.Тармоқларнинг туман, шаҳар кенгашлари ўртасида Рейтинг натижаларига асосан, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Жондор туман Кенгаши 1-ўринни, агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Шофиркон туман кенгаши 2-ўринни, Соғлиқни сақлаш тизимидаги Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси 3-ўринни эгаллади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, рейтинг натижаларида энг яхши натижа кўрсаткичларига эришган 19 та касаба уюшма ташкилоти сариқ, ўртача кўрсаткичдаги ташкилотлар кўк ва кўрсаткичлари паст даражада бўлганлари қора ҳарфлар билан ёзилган стендларда эълон қилинди.

Рейтинг натижалари туман, шаҳарлар ўртасида ҳам ўтказилиб, унда Бухоро шаҳар 1-ўрин, Жондор тумани 2-ўрин, Ғиждувон тумани 3-ўринни эгаллади.

                                         

М.Джураева- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилоят Кенгаши ташкилий ишлар бўлими етакчи мутахассиси   

                              

Print Friendly, PDF & Email