Касаба уюшмалари бизга нима учун керак?

Инсон табиатан оғир меҳнат, тинимсиз изланиш, очлик ва бошқа ҳолатларга  бардошли бўлса-да, лекин, ноҳақ сўз, адолатсиз чиқарилган кичик бир қарорга ҳам ўта чидамсиздир. Қалб амри билан қилинган ҳалол меҳнати ҳисобга олинмаганлиги одамзодни руҳий тушкунлигига ва норозилигига сабаб бўлади.

Шу боис ҳуқуқий-демократик жамиятда ижтимоий адолат принципларини сақлаш, яккаҳокимлик, алоҳида гуруҳ ёки тўдалар манфаатини ҳимоя қилишга йўл қўймаслик  муҳим аҳамиятга эга. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлат бошқарув органлари қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши билан бирга нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари бу мувозанатни таъминлашга хизмат қилади. Касаба уюшмалари эса ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилар экан, бу йўлда ходимлар, аҳоли ва давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради. Чунки давлат органларининг аҳолини барча қатламларига етиб бориш, уларнинг муаммоларини ўрганишга имкони етмайди. Касаба уюшмалари эса, ушбу муаммоларни ўрганиб, уларни ечими юзасидан давлат органларига таклифлар билан чиқади. Ўз навбатида давлат бошқаруви органлари қарорлари тўғрисида аҳоли орасида тарғибот ишларини олиб боради.

     Ўзининг бир неча юз йиллик тарихига эга бўлган касаба уюшмалари ташкилотлари бизнинг юртимизда фаолият бошлаганига қарийб бир асрдан ошди. Вилоят касаба уюшмалари Кенгашининг тузилиши  ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига тўғри келади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида касаба уюшмаларига байрамлар, маданий тадбирларни ўтказадиган, ходимларга эса санаторийларга йўлланма берадиган ташкилот сифатида қаралар эди. Муҳими, мазкур ташкилот фидойилари ўтган қисқа давр давомида Бухородаги ҳар бир фуқаронинг ҳақиқий ҳимоячисига айланиб улгурди.

    Касаба уюшмаларида 13 йиллик иш тажрибага эгаман. Олдинги  йилларда ташкилотга мурожаат этган ходимларнинг 95 фоизи санаторийларга йўлланма сўраб келар эди. Ҳуқуқий ҳимоя ва меҳнат муҳофазаси масаласи билан йилда бир-икки мурожаат бўлар эди, холос. Ҳозирги кунда эса, энг кўп мурожаат бу ишга тиклаш, иш ҳақини ундириш, ишсизлик масалалари, хотин-қизлар муаммоларига тегишли мурожаатлар бўлаяпти.

    Мамлакатимизда яратилаётган янги иш ўринларининг барқарорлигини таъминлаш жамиятимизнинг мустаҳкамлигига хизмат қилади. Бунинг учун юртимизда ишлаётган ходим ўзининг манфаатлари ҳимоя қилинаётганлиги, ўзи ва оиласи доимий даромадга эга бўлиши, келажакда шу ердан пенсияга чиқиши мумкинлиги, хулоса қилиб айтсак, ҳар бир инсон фаолият юритаётган ташкилотида келажагини кўра олсагина, у чин дилдан меҳнат қилади. Бор кучини ўз ишига сарфлайди. Шунда иш ўринлари мустаҳкам бўлиб, ташкилот гуркираб яшнайди. Касаба уюшмалари ушбу мустаҳкамликни таъминлашга хизмат қилади.

Ўтган йилда вилоят Кенгашига жисмоний ва юридик шахслардан бўлган мурожаатлар 185 тани ташкил қилди. Шундан 95 та ёзма, 32 та электрон, 11 та оғзаки ва 47 таси эса “Ишонч телефони” орқали. Мурожаатларнинг 70 тасида ходимлар меҳнат соҳасидаги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, хусусан, ишга тиклашни, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлиқ ундириб беришимизни сўрашган. Ҳуқуқий ҳимоя, моддий ёрдам ажратиш, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва бошқа масалалар шулар жумласидандир.

Мазкур мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 218 нафар ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди. Йил давомида ишга тиклаш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш юзасидан судларга киритилган 7 та даъво аризалари қаноатлантирилиб, ходимларга 1 млрд сўм ундириб берилди.

Жумладан, Бухоро шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Батериологик, Паразитология лабораторияларининг 8 нафар ходимларига пандемия даврида бирор маротаба тўланмаган 817 000 000 сўм махсус тўловларни ундириш юзасидан киритилган даъво аризаси Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 124-моддасига асосан, маъмурий судга мурожаат қилиниши билдирилиб, иш тугатилди. Киритилган апелляция шикоятига кўра, вилоят суди Фуқаролик ишлари бўйича апелляция ҳайъатининг қарорига мувофиқ, биринчи инстанция судининг юқоридаги қарори бекор қилинди. Натижада, иш қайта кўриб чиқилгач, ФИБ Бухоро туманлараро судининг 2021 йилнинг 25 октябрдаги ҳал қилув қарорига даъво аризамиз қисман қаноатлантирилди. Даъвогарларга махсус қўшимча рағбатлантириш тўловларини тўлаб бериш юзасидан вилоятдаги тегишли ташкилотларга мажбурият юклатилди. Ҳозирда суд тартибида юклатилган мажбурият ижроси бўйича тўловлар хусусида ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, пахта йиғим-терими мавсумида келиб тушган 4 та мурожаатни ўрганиш жараёнида теримчиларга тўланиши лозим бўлган 6.325.000 сўм миқдоридаги иш ҳақлари ундириб берилди. Бундан ташқари, бошланғич ташкилотларда ишлаб, касб касаллиги ва бахтсиз ҳодиса натижасида ногирон бўлиб қолган фуқароларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, 8 нафар ходимнинг манфаатини кўзлаб фуқаролик судларига 3 та даъво аризаси киритилиб, ижобий натижаларга эришилди. Ишлаб чиқариш жараёнида касб касаллигига чалинган, бахтсиз ҳодиса натижасида вафот этган ва ногирон бўлган фуқароларнинг соғлиғларига етказилган зарар тўловларини иш берувчилар томонидан ўз вақтида тўлаб берилмаётганлиги учун судларга мурожаат қилиниб, 1 млрд 51 млн. сўм маблағлар ундирилди.

Бугун мамлакатимизда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини муҳофаза қилиш, уларга етарли шарт-шароитлар яратиб берилишини таъминлаш, ижтимоий шериклик ва жамоат назоратини ташкил этишда касаба уюшмаларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг ҳаётга тадбиқ қилишда вилоятда фаолият юритаётган 2200 нафардан ортиқ бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари ва 300 мингдан ортиқ аъзоларимизнинг ҳам муҳим ўрни бор.

Айниқса, Президентимизнинг касаба уюшмалари ташкилотларига билдирган ишончлари, масъулиятли топшириғи асосида хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида бир қатор ютуқларга эришилди. Кейинги беш йилда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишдан ташқари, юқорида келтирилган йўналишда давлат бошқаруви органлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз. Хусусан, хонадонма-хонадон юриб, хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларнинг ечими борасида ҳам ташаббускорлик кўрсатилди. Дастлаб ҳар йилда туман ва шаҳарларда аҳолининг кам таъминланган қисми ўрганилиб, уларнинг уй-жой билан таъминланиши, касалманд оилаларга дори-дармон берилиши, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятидаги кам таъминланган оиладаги хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини олиб боришга кўмаклашиш ишлари ташкил этилди. Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Аёллар дафтари”га киритилган 52000 дан ортиқ хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда касаба уюшма фаолларимиз хонадонма-хонадон юриб, дафтарга киритилганларнинг муаммоларини ҳал этилишини мониторинг қилишга бош-қош бўлдилар.

Юртбошимиз «Касаба уюшмалари куни» муносабати билан ҳамкасбларимизга йўллаган байрам табриги жараёнида ҳар бир ташкилот, корхонада, албатта, касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти тузилиши кераклигини таъкидлаганди. Давлатимиз раҳбарига кўра, бу орқали ишчи-ходимларнинг манфаати ҳимояланган бўлади. Биз Президентимизнинг мазкур фикридан илҳомланиб, олдимизга 2022 йилда вилоятдаги барча ташкилот, корхонада касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти тузишни мақсад қилиб қўйдик.

Ҳамид БЕШИМОВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг

 Бухоро вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Print Friendly, PDF & Email