Байрам ёки узоқ кутилган таътил – бу катта бўлмаган, лекин, жуда завқли саёҳатга отланиш учун идеал вақт. 2022 йилда ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини узайтирилган байрам кунларида мароқли ва фойдали дам олишини ташкил қилиш ҳамда байрам кунларидан оқилона фойдаланиш ишларига кўмаклашиш мақсадида Бухоро давлат университети ва Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шофиркон туман кенгаши томонидан таълим муассасаларда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларидан 100 нафари вилоятимизда қўним топган етти буюк авлиё – пирлар Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Моҳитобон Рeвгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Роминатий, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандий қабрларини зиёрат қилишди. Зиёратгоҳлар бўйлаб саёҳат юқори малакали гидлар томонидан тарихий-маданий обидалар, ҳамда сўнгги йилларда амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан таништирдилар.
Саёҳатчилар истиқлол йилларида мамлакатимизда олиб борилган бунёдкорлик ишларига ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш натижасида табаррук қадамжолар янада гўзал масканларга айланганлигини шоҳиди бўлишди. Вилоятимизда ўтган йиллар давомида мисли кўрилмаган даражада ободонлашиб, нафақат республикамиз, балки бутун дунёнинг эътиборини тортмоқда.
Саёҳатчиларга зиёратгоҳларда амалга оширилган ислоҳотлар катта таассурот уйғотди. Зиёратчилар ушбу саёҳатни ташкиллаштирган Бухоро давлат университети касаба уюшмаси қўмитасига ҳамда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шофиркон туман кенгашига ўз миннатдорчилигини изҳор этдилар.