Баҳор нафасини келтирган ташаббус

      Аёл қачон ўзини бахтли ҳис қилади? Қачонки оилада ҳаловат топса соғлиги мустаҳкам, ишида унум бўлади. Бироқ аёлларни қийнаётган турли муаммолар, оғриқли масалалар борки, уларнинг ечимини топишда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилинмаса, тобора илдиз отиб жамият ривожига ўз таъсирини ўтказади.“Аёллар дафтари” тизимининг йўлга қўйилишиҳар бир аёлнинг муаммосини алоҳида тартибда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича зарур чораларни белгилаш имконини яратди. 

–Оиладаги майда-чуйда муаммоларнинг юки хонадон бекаларини эзиб қўяди, – дейди Вобкент туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Юлдуз Зухурова. – Рўзғорда етишмовчилик бўлса, эрнинг топиш-тутишида барака бўлмаса биринчи галда аёл қийналади. Бола тарбияси билан шуғулланар экан, мактаб ёки боғча таълимидаги оқсоқликлар ҳам оила бекасига муаммо туғдиради. Аёлларбоп иш жойи топиш эса яна бир энг катта муаммо. Шу боисдан хотин-қизларимизнинг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган ижобий саъй-ҳаракатлар айниқса, “Аёллар дафтари” рўйхатидаги хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишда ўзининг ижобий самараларини кўрсатмоқда.

Дарҳақиқат, Вобкент туманида “Аёллар дафтари” бўйича учинчи босқич хатлов жараёнлари якунлангач, амалий ёрдам кўрсатиш борасида муҳим саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди. Хусусан, 6 тоифа бўйича рўйхатга олинган 2500 нафар хотин-қизнинг 30 нафарига кредит ажратиляпти, 20 нафарига томорқачилик учун ер ажратиш бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда.Тумандаги иккита йирик тикув цехига 160 нафар аёл февраль ойи охирида синов муддати асосида ишга жойлаштирилди. 8 март байрами арафасида50 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга секторлар кўмагида бепул тикув машиналари тақдим этилди. Бундай байрамолди йўқлов кўнгли кемтик опа-сингилларимизни чин маънода қувонтирди.

–Етти ёшли ўғлимиз тўсатдан ҳаётдан кўз юмгач, қўлимиз ишга бормай, рўзғордан барака кетди, – дейди туманнинг Сариосиё маҳалласида яшовчи Хуршида Тошева. – Тушкунликка тушиб қолдик. Байрам арафасида мутасадди ташкилотлар “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилганлар қаторида менга ҳам тикув машинаси совға қилишганида кўнглим тоғдай кўтарилди, дардларим аригандай бўлди. Кўрпа жилди тикишга яхшигина уқувим бор, шу бўйича иш бошладим.  

–Турмушим бузилди, бир фарзандим билан ота уйимга қайтдим, – дейди вобкентлик яна бир аёл Зулайҳо Туробова. – Қўлимда ҳунарим йўқ, онамнинг нафақаси, укаларимнинг насибасига шерик бўлиб яшаяпман. Ёлланма ишларда ишлаб, касаллик орттириб олганим дард устига чипқон бўлди. Муаммолар гирдобида турганимда мутасаддилар тақдим этган бепул тикув машинаси рўзғор тебратиш борасидаги муаммоларимга ечим бўлар, деган яхши ниятда чеварликни бошладим.

2 март куни Вобкент туманининг Мирвоши маҳалласи ҳудудида “Вобкент агропром инвест” МЧЖ негизида тикувчилик цехи очилиши яна бир гуруҳ “Аёллар дафтари” рўйхатидагиларнинг турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилиши ҳеч шубҳасиз. Экологик сумкалар ишлаб чиқариш ва тўлиқ экспортга ихтисослашган мазкур корхонада 60 нафар эҳтиёжманд, ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Тикувчи, қадоқловчи, дизайнер, бичувчи, тозаловчи, иш бошқарувчи сингари вазифалар улар зиммасига юкланди.

– Доимий даромад манбаим йўқлиги учун ёлғиз фарзандим таъминотида қийналардим, – дейди мирвошилик Шалола Самандарова.–Бирор касб-корнинг бошини тутишга қанча ҳаракат қилмай тайинли иш тополмасдим. Шукур, бугун цехга тикувчи сифатида ишга қабул қилиндим. Ойлик маош ҳарна рўзғоримнинг бир қисмини қоплайди. Ишга жойлашиш мен учун энг яхши байрам туҳфаси бўлди.

    Мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи Наврўз байрами олдидан ишга туширилади ва тумандаги яна 100 нафар аёлнинг бандлиги таъминланади.

 

 

Print Friendly, PDF & Email