Ишчи ходимлар ўртасида оммавий жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, уларнинг шуғулланишлари учун имкониятлар яратиш бугунги куннинг энг масъулиятли вазифаларидан биридир. Гап инсоннинг соғлиги тўғрисида кетар экан, касаба уюшмалари ташкилотлари ҳам бу борада ўз фаолиятида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимояси билан бир қаторда уларнинг соғликларини мустаҳкамлаш, иш унумдорлигини ошириш учун корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимлар гимнастикасини ташкил этишда бевосита ташаббускорлик кўрсатиб келмоқда. Жумладан, меҳнаткашларнинг ишдан ажралмаган ҳолда спорт-соғломлаштириш машқларини бажариши учун 5 та олий ўқув юрти, 537 та ўрта умумий таълим мактаби, 20 та ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасаси, 450 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасада спорт турлари билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган. Ҳозирги кунда 1010 та корхона, ташкилот ва муассасада ходимлар учун стол тенниси, шахмат ва шашка доскалари жойлаштирилган кичик спорт-соғломлаштириш хоналари ташкил қилинган. Ходимлар ўртасида ўтказиладиган турли оммавий спорт мусобақаларига жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, спорт мажмуаларининг малакали мутахассислари жалб этилмоқда.
“Бутунжаҳон саломатлик куни – касаба уюшмалари эътиборида” шиори остида ўтказилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёш ходимлар ва меҳнаткашларни спортнинг оммавий турларига қизиқтириш орқали меҳнат фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш ҳамда уларни турли касб касалликларидан муҳофаза қилишдан иборат.
Юриш марафонида вилоят ҳокими ўринбосари Б. Шаҳриёров, касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси М.Олимов, 18-35 ёшдаги 3000 нафардан зиёд ўғил-қизлар, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. Марафон Бухоро шаҳридаги “Ситора” истироҳат боғидан старт олди ва Арк қўрғони олдида марра чизиғи белгиланди.
Кўҳна Арк майдонига етиб келган марафончилар эрталабки гимнастика машғулотларини бажардилар. Ажойиб концерт дастури йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Достонбек Жўраев,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгашининг ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси