Ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў — эътибори унинг Конституцияси билан белгиланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган бош Қонундир.
Конституцияда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари, ривожланган хорижий давлатларнинг ҳуқуқий амалиёти ҳамда ўзбек давлат тарихчилиги анъаналари, кўп асрлик миллий урф-одатларимиз, буюк аждодларимизнинг тарихий тажрибалари ва инсонпарварлик ғоялари чуқур сингдирилганлигини унинг ҳар бир моддасидан англаш мумкин.
Шу кунларда барчамиз тинч вафаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўттиз бир йиллигини кўтаринки кайфият билан нишонламоқдамиз.
Жорий йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан вилоят кенгашининг ташаббуси асосида БухДУда ёшлар учун ташкил этилган байрам тадбирида айнан юқоридаги фикрлар таъкидлаб ўтилди.
Байрам тадбирида вилоят кенгаши вакиллари, БухДУнинг маъмурияти ва 400 нафардан ортиқ талаба ёшлар иштирок этдилар.
Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, туб моҳиятига кўра ўзида илғор миллий ва умуминсоний ғояларни мужассам этган, бутун халқ ва барча қатламларнинг манфаатларини ифодаловчи мустақил Ўзбекистон Конституцияси Ватанимиз тараққиётида янги даврни бошлаб бергани ва халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккури, ақл-заковатининг кўзгуси бўлмиш Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкам эканлиги, у халқаро талабларга ҳар томонлама мос келиши тўғрисида фикр билдирдилар.
Шунингдек тадбир давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти кенгаши маъсуллари томонидан ёшлар билан учрашуви ташкил этилган бўлиб, талаба ёшларни қизиқтирадиган саволларига жавоб берилди ва келгусида ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Вилоят кенгаши матбуот хизмати