Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Вобкент туман кенгаши ташаббуси билан тумандаги 43 нафар касаба уюшма аъзоларидан иборат фермер хўжаликлари ходимларининг кўҳна Хоразм вилоятига саёҳати ташкил этилди. Саёҳат давомида ота боболаримиз томонидан мерос қолдирилган қадимий меъморчилик дурдоналарини кўриб бир олам зав олдик. Шунинг билан бир қаторда Хивадаги Хоразм меҳмонхонасида мириқиб ҳордиқ чиқардик. Замонавийлик ва қадимийликни ўзида жамлаган гўзал Хива шаҳридаги Ичан қалъа меъморий ёдгорлиги нафақат вилоятнинг балки бутун мамлакатимизнинг энг бебаҳо дурдона ёдгорликларидан бири эканлигига гувоҳ бўлдик. Бу жойга ташриф буюрган гўёки, ўзини қадим тарихимизга саёҳат қилгандек ҳис қилади. Сабаби Хоразм халқ меъморчилигининг ажойиб обидалари, мадраса, масжиду саройлар ва миноралар асосан Ичанқалъада жойлашган экан. Саёҳатнинг дастлабки куни шаҳарнинг тарихий қисми, иккинчи куни эса янги Хива манзаралари билан танишдик. Улар орасида эътиборимизни тортгани ниҳоятда бетакрор иншоот Ниёз Муҳаммад Охун бобо жомеъ масжиди бўлди. Эътиборлиси, 2017 йил давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига амалий ташрифи давомида мазкур масжиднинг тамал тошини қўйиб берган эканлар. Муаззам масжид бугун 4000 нафар намозхон ибодат қилиши учун хизмат қилмоқда.
Хива тарихий обидалари билан бирга янгидан янги бунёдкорликлар майдонига айлангани ҳам қувонарли. Замонавий кўркам бинолар, хизмат кўрсатиш уйлари, барида Янги Ўзбекистон акси мужассамдек гўё.
Хоразмдан бир олам таассуротлар билан қайтдик. Ўтмиш ва келажакни уйғунлаштирган диёрда яшаш не қадар бахт!