Бухоро шаҳридаги “Аҳоли транс” МЧЖда 50 нафар ходимлар меҳнат қиладилар. Корхонада ишловчилар ва ходимларни ижтимоий ҳимоялаш намунали йўлга қўйилган бўлиб, бунда иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида тузилган жамоа шартномаси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Жамоа шартномаси иш берувчи билан касаба уюшмаси аъзоларининг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий, интеллектуал ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояси, мажбуриятларини акс эттирган меҳнатга оид муносабатларни ҳам тартибга солиб туради.
“Аҳоли транс” масъулияти чекланган жамияти маъмурияти ҳамда бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида 2016-2018 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2018 йилда бажарилиши юзасидан жорий йилнинг 22 февраль куни меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ўтказилди.
Умумий йиғилишда “Аҳоли транс” масъулияти чекланган жамиятида меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашга қаратилган жамият маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2016-2018 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2018 йилда бажарилиши юзасидан жамият бошлиғи Алишер Назаров ва бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Азизбек Ҳайдаровларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Жамият маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2016-2018 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасини 2018 йилда бажарилишини текшириб борувчи комиссия далолатномаси комиссия аъзоси А.Салимов томонидан йиғилиш қатнашчиларига ўқиб эшиттирилди.
Ҳисоботларда касаба уюшмаси аъзоларидан келиб тушган аризалар ва мурожаатлар Меҳнат Кодекси асосида қондирилгани, ижтимоий муҳофазага муҳтож ходимларга моддий ёрдам кўрсатилиб, саломатлигини тиклашга эҳтиёжи борларга соғломлаштириш мақсадида имтиёзли йўлланмалар ажратилгани, меҳнат қилувчиларнинг иш, маиший шароитларини яхшилаш бўйича кўплаб амалий чора-тадбирлар кўрилгани айтиб ўтилди.
Йиғилишда маърузалар юзасидан ўтказилган муҳокамада корхона ишчи-ходимлари сўзга чиқиб, жамоа шартномаси ижроси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шундан сўнг 2019-2021 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаси таништирилди ва муҳокама этилди. Янги шартнома бир овоздан қабул қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан йиғилиш қатнашчилари томонидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тадбирда Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ижтимоий суғурта бўлими мудири Жахонгир Нуруллаев ҳамда тармоқ касаба уюшмаси Бухоро шаҳар кенгаши раиси Нодира Алимовалар иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар.
Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини
ҳимоя қилиш бўлими етакчи мутахассиси Лобар Баракаева