Унутилмас таассуротлар

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 2021 йил 8-10 апрель кунлари Бухоро вилоят Кенгаши аппарат ходимлари, туман,шаҳар кенгашлари ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолларидан иборат 100 нафар ишчи-ходимларнинг Тошкент шаҳрига саёҳатлари ташкил этилди.Саёҳат ўзгача қиёфа касб этган Зангиота зиёратгоҳи мажмуасидан бошланди.

– Мақбаранинг маҳобатли биноси, атрофнинг гулу-гулзорларга бурканганлиги кўнгилларимизни нурга тўлдирди, суратларга тушдик, бизда жуда катта таассурот қолдирди, – дейди вилоят Кенгаши ходими Ҳалима Абдуллаева – Очиғи, мен бу ерга кўп йиллар давомида келмаган эдим. Ичкарига кириб, улуғ зот ҳаққига дуойи тиловат қилиб, замонамизга шукроналар келтирдик.

Шундан сўнг саёҳатчилар  Биринчи Президентимиз Ислом Каримов музейида бўлишди. Айниқса саёҳатчиларимиз “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрганларида бу ердаги экспонатларни кўриб қалблари ҳаяжонга тўлди.  Боғда уруш ва унинг оқибатлари, уруш даври манзаралари, жумладан окоп ва блиндажлар, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳалар акс этган мажмуада ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар, Ўзбекистон халқининг фронт ва фронт ортида кўрсатган жасорати, машаққатли меҳнати, қайғу-алами, шунингдек, эришилган буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ифодаланган. Бу мажмуа бизга бугунги тинчлик-осойишталик, мусаффо осмон, фаровон ҳаёт қанчалик бебаҳо неъмат эканлигини, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас бурч эканлигини англатди.

Саёҳатчилар Тошкент шаҳридаги  Муқимий номли мусиқали драма театрига ташриф буюришди ва “Қайчи қудалар”номли комедияни томоша қилишди.Ушбу саёҳат барчага манзур бўлиб, ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

 

 

                                                                         Вилоят Кенгаши матбуот котиби

Print Friendly, PDF & Email