Компенсация тўлови ундириб берилди

     Мақсуда Камолова Вобкент туманидаги 38-сон умумтаълим мактабида 1997 йилдан 2021 йилга қадар котиба сифатида ишлаб келган. Бу даврда иш берувчи томонидан бирор марта меҳнат таътили берилмаган. Ўтган йил август ойи якунида у пенцияга кузатилгану фойдаланилмаган асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун компенсация тўловини тўлаб бериш ҳақида мактаб маъмурияти ўйлаб ҳам кўрмаган. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 151-моддасида меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланиши белгиланган.

     Шу важдан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилоят кенгашига мурожаат қилган Мақсуда опанинг даъвоси вилоят кенгашининг соҳа мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди ва ҳақли талаб ўз тасдиғини топди. Унинг ўтган йиллар мобайнида фойдаланмаган барча асосий ва қўшимча таътиллари учун ўртача ойлик иш ҳақи жами беш миллион тўқсон саккиз минг икки юз қирқ етти сўм миқдорини ташкил этди. Федерация вилоят кенгаши томонидан ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда пуллик компенсация тўлаб берилиши тўғрисида масъул ташкилотга кўрсатма берилди. Натижада яна бир ходимнинг манфаатлари ҳимоя қилинди.    

Print Friendly, PDF & Email