Эҳтиёжманд талабаларга кўмак

    Евгений Майский Бухоро шаҳридаги собиқ 32-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланган. У айни дамда Бухоро муҳандислик технология институтида таҳсил олади. Унга тарбияланувчилар учун ажратиладиган яшаш уйи берилиши шу пайтга қадар ортга суриб келинаётган эди. Шу важдан 3 ойдан бери овора бўлаётган  талаба бу ҳақда амалий ёрдам сўраб институтнинг касаба уюшма қўмитасига мурожаат қилди. Уюшма аралашуви билан муаммо тез орада ўз ечимини топди. Жорий йилнинг январь ойида Евгенийга хонадон ажратиб берилди. Уйни жиҳозлаш масаласи ҳам жамоа эътиборидан четда қолгани йўқ. Ўқитувчи-профессорлар ўртасида 3 кунлик хайрия эълон қилиниб, йиғилган маблағ ҳисобидан  уй жиҳозланди.

      Куни-кеча институт маъмурияти, ходимлари ва талабалари касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2020-2022 йиллар учун имзоланган  жамоа  шартномасининг 2021 йилдаги ижросиюзасидан конференция мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда Евгений ҳам қатнашди ва уни қўллаб-қувватлаган барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.

       Умуман ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламдаги талабаларнинг яшаш ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида мазкур олий таълим муассасасида ўтган йил ижобий ўзгаришлар бўлганини қайд этиш лозим. Бу ҳақда  йиғилишда алоҳида тўхталиб ўтилди. Томонлар мажбурияти ижроси бўйича институт ректори, касаба уюшма қўмитаси раиси, жамоа шартномаси бажарилишини текшириш комиссияси раисининг ҳисоботлари тингланди.  Унга кўра, 2021 йил давомида 32 нафар кам таъминланган талабанинг йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилган. 18 нафар ногирон,6 нафар ота-она қаровисиз қолган талаба бепул ётоқхона билан таъминланган. Ижтимоий ҳимояга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш мақсадида талабаларни рағбатлантириш фондидан 1 миллиард 750  миллион сўм миқдорида маблағ сарфланган. Жумладан, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” рўйхатидаги оила фарзандларининг шартнома тўловларига амалий ёрдам ажратиш, эҳтиёжманд  талабаларни имтиёзли ётоқ жойи билан таъминлаш, ижара тўловларига ёрдам кўрсатиш каби вазифаларни доимий назорат қилиш мақсадида ҳар бир ўқитувчига 10 нафардан эхтиёжманд талаба бириктирилган. Республика вилоятларидан келиб таҳсил олаётган кам таъминлаган талабаларнинг шартнома тўловлари ва ижтимоий аҳволини яхшилаш борасида маҳаллий ҳокимиятлар билан алоқа ўрнатилиб, амалий натижаларга эришилди. Булардан мақсад эса келажак авлодни  муносиб тарбиялаш, уларни миллат ва мамлакатимизга муносиб инсон бўлиб вояга етишлари учун барча шароитларни яратиб беришдан иборат. Энг муҳими, жамоа шартномалари ижросининг ўз вақтида таъминланиши Евгений Майский сингари юзлаб эҳтиёжманд талабаларнинг мушкулини осон қилишда муҳим воситага айланмоқда.

 

 Шукрулло ОЧИЛОВ,

Бухоро муҳандислик- технология институти ходимлар ва талабалар касаба уюшма қўмитаси раиси 

Print Friendly, PDF & Email