Жамоа шартномаси бажарилишини муҳокама қилиш — меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик асоси

Сўнгги йилларда касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётган   ислоҳотларда ижтимоий шерикчилик масалаларига жуда катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Жумладан, ҳукумат миқёсида имзоланган Бош  келишув ушбу ишларни амалга оширишнинг асоси бўлиб ҳисобланади.  Айниқса корхона, ташкилотларда тузилаётган жамоа шартномаларининг  мазмуни, мавқеи замон талабларидан келиб чиқиб тубдан ўзгарди. Илгари жамоа  шартномаларига шунчаки касаба уюшма ташкилотларининг ҳужжати сифатида қаралган бўлса, ҳозирда эса иш берувчиларнинг жамоа шартномаларини тузишга бўлган қизиқиши, бандларининг бажарилиши бўйича масъулияти ошди. Айниқса, жамоа шартномаларига аёллар меҳнатини тартибга солиш,  аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш  билан  машғул  шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар, шунингдек ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар бўлимларининг киритилиши шу йўналишдаги ишларнинг ижобий томонга ўзгаришига олиб келди.

Жамоа шартномаларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили унинг бажарилиши меҳнат жамоаларининг умумий йиғилиш (конференция)ларида муҳокама қилинишида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Томонларнинг аъзолар олдидаги мажбуриятлари асосида  ҳисобот беришлари тизимли олиб борилмоқда. Жамоа шартномаси бажарилишини текширувчи комиссияларнинг иши натижалари ва хулосаларнинг сифат жиҳатдан ўзгармоқда.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан тасдиқланган жадвал асосида жорий йилнинг 28-31 январь кунлари туман (шаҳар)ларда “Бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари, конференциялари ҳамда жамоа шартномаси ижросини муҳокама қилишга бағишланган йиғилишларни ўтказишдаги асосий вазифалар ва янги жамоа шартномасини қабул қилиш тартиби” мавзусида ўқув-семинарлар ташкил қилинмоқда. Бирлашма меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими ходимлари томонидан мазкур семинарларда  ҳисобот-сайловлар билан бир кунда умумий йиғилишларни ҳам ўтказиш, уни ўтказишда аҳамият берилиши керак бўлган муҳим жиҳатлар, йиғилиш ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича керакли тавсиялар айтиб ўтилиб, ташкилотлар касаба уюшма қўмиталари раислари билан жамоа шартномалари бўйича савол-жавоб тарзида мулоқот қилинмоқда.

Л.Баракаева

Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий

манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими етакчи мутахассиси

Print Friendly, PDF & Email