Сўнгги йилларда касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда ижтимоий шерикчилик масалаларига жуда катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Жумладан, ҳукумат миқёсида имзоланган Бош келишув ушбу ишларни амалга оширишнинг асоси бўлиб ҳисобланади. Айниқса корхона, ташкилотларда тузилаётган жамоа шартномаларининг мазмуни, мавқеи замон талабларидан келиб чиқиб тубдан ўзгарди. Илгари жамоа шартномаларига шунчаки касаба уюшма ташкилотларининг ҳужжати сифатида қаралган бўлса, ҳозирда эса иш берувчиларнинг жамоа шартномаларини тузишга бўлган қизиқиши, бандларининг бажарилиши бўйича масъулияти ошди. Айниқса, жамоа шартномаларига аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар, шунингдек ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар бўлимларининг киритилиши шу йўналишдаги ишларнинг ижобий томонга ўзгаришига олиб келди.
Жамоа шартномаларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили унинг бажарилиши меҳнат жамоаларининг умумий йиғилиш (конференция)ларида муҳокама қилинишида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Томонларнинг аъзолар олдидаги мажбуриятлари асосида ҳисобот беришлари тизимли олиб борилмоқда. Жамоа шартномаси бажарилишини текширувчи комиссияларнинг иши натижалари ва хулосаларнинг сифат жиҳатдан ўзгармоқда.
Вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларида тасдиқланган жадвал асосида туман (шаҳар)ларда жамоа шартномаси ижросини муҳокама қилишга бағишланган умумий йиғилиш (конференция)лар ўтказилмоқда. Шундай йиғилишлардан бири “Ўзбектелеком” АК Бухоро филиали меҳнат жамоасида ўтказилди. Қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтказилган конференцияда 43 нафар делегат иштирок этди.
Йиғилишда иш берувчи томонидан “Ўзбектелеком” АК Бухоро филиали директори Х.Турдиев, ходимлар номидан касаба уюшма қўмитаси раиси О.Шукурлаеваларнинг ҳисоботлари ҳамда жамоа шартномаси текширув комиссияси раиси Р.Зариповнинг ҳисоботлари тингланди.
Музокаралардан сўнг, 2021 йилда жамоа шартномасига керакли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилишига келишиб олинди.
Л.Баракаева
Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий
манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими етакчи мутахассиси