Хоббидан даромад манбаига айланган машғулот

      Ойбек Ҳайитов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти кенгашида ишлайди. Бўш вақтларида эса қўзиқорин етиштириш билан шуғулланади. Шу мақсадда Вобкент туманидаги битта бинони ижарага олиб, 1000 дона полиэтилен қопчада қўзиқорин парваришлашни йўлга қўйган. Ўзи бошқа юмушлар билан ҳам банд бўлгани сабабли маҳалладаги «Аёллар дафтари»га киритилган икки аёлни ишга жалб этган. Табиийки, улар меҳнатларига яраша ҳақ олишади.

   Ойбек Ҳайитов бу соҳага талабалик даврларидаёқ қизиққанини, унинг барча сир-асрорларини пухта ўрганганини ва яхшигина даромад орттираётганини алоҳида таъкидлайди.
  – Ҳозир кўпроқ «Веше­н­­­­­ка» навини етиштиряпмиз, – дей­ди у мамнуният билан. – Ҳарорат 18-20 даража илиқ бўлган ёпиқ жойда бу маҳсулот 15 кунда етилади. Энг муҳими, қўзиқорин ўсимлик эмас, уни етиштириш учун шелуха ва ­бош­қа зарур препаратлардан фойдаланилса ҳамда яхши қаров бўлса, кифоя. Ҳар қопчадан 2-3 килограмм истеъмолбоп қўзиқорин олиш мумкин. У бозорда жуда харидоргир. Замонавий тиббиётда табиий инсулин ва ферментларга бойлиги аниқланган.

       Шу боис, уни кўпинча қандли диабет касаллигига йўлиққан беморлар харид қилишади.
«Бир йигитга қирқ ҳунар оз» деган нақлга амал қилувчи Ойбек қўшимча даромад топиш учун келгусида қўзиқоринларни 5-10 минг дона халтачада етиштириб, харидорлари сафини янада кенгайтириш ­ниятида. Қолаверса, биогумус органик ўғитини тайёрлаш учун Калифорния чувалчангларини боқиб, кўпайтириш борасида ҳам бош қотирмоқда.
Ҳайҳотдек томорқаси бўла туриб, бир боғ пиёз етиштиришга эринадиган, лоақал бир неча туп мевали дарахт экиб қўйишни ҳам ўзларига эп кўрмайдиган кишилар Ойбек сингари серғайрат, тиниб-тинчимас йигитлардан ўрнак олсалар, фойдадан холи бўлмасди.

                                                                                                                                   Дилдора  ИБРОҲИМОВА,
                                                                                                                                                         «ISHONCH»

Print Friendly, PDF & Email