Соғлом турмуш тарафдоримиз

Бухоро вилояти ҳокимининг 2022 йил 24 февралдаги 8 март -“Халқаро хотин-қизлар куни” байрами муносабати билан 2022 йилнинг 3-10 март кунлари “Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони” деган бош ғояни ўзида мужассам этган “Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги”ни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастурига асосан бугун Вобкент туман Косари маҳалласида хотин-қизлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткаш аёллар ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилди. “Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги”шиори остида ўтказилган спорт мусобақалари хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оила аъзоларининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғуланишини кундалик турмуш тарзига айлантириш, спорт орқали саломатлигини тиклашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

Мусобақа юриш марафони билан бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар спортнинг оммавий 5 та тури бўйича беллашдилар. Қизғин баҳс мунозаралар натижаларига кўра маҳаллардаги энг фаол  иштирокчилар саралаб олинди. Спортнинг енгил атлетика тури бўйича “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинидан Саъдуллаева Дилноза, стол тенниси тури бўйича “Сўфидеҳқон” маҳалла фуқаролар йиғинидан Жўраева Манзура, шахмат-шашка турлари бўйича Ярашева Мунира ва Ражабова Феруза ва бошқалар ғолибликни қўлга киритди.

Ғолибларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти Кенгаши томонидан  эсдалик совғалари ва диплом топширилди.

Тадбир доирасида туманнинг Ширин маҳалласида сумалак сайли ҳам ташкил этилди. 8 март ва Наврўз байрамлари арафасида ташкил этилган баҳорий байрам йиғилганлар қалбига бир олам қувонч бағишлади. Кекса онахонлар лапару қадимий қўшиқларни куйлаб наврўз анъаналарини бошлаб бердилар. Туризм зонаси деб эътироф этилган мазкур қишлоқда катта дошқозонда ош, сумалак, ҳалим сингари баҳорий таомлар тайёрланиб, тадбир иштирокчиларига тортиқ қилинди. Ташкил этилган тадбирларда  Республика жисмоний тарбия спорт соғломлаштириш ишлари бошқармаси-унитар корхонасининг вакили Бабатаева Гулнора иштирок этди.

Print Friendly, PDF & Email