Жорий йилнинг 7 август куни Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Қонун лойиҳаси муҳокамасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев кириш сўзи билан очди. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасининг муҳокамасини долзарблиги, касаба уюшма ташкилотлари қуйи бўғинлари томонидан билдириладиган таклиф ва тавсияларнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов янги таҳрирдаги “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунининг аҳамияти, унга асосан, касаба уюшмаларининг ваколатлари кенгаяётганлиги, уларнинг жамоатчилик назоратидаги иштироки, ижтимоий шериклик, меҳнат муносабатлари, меҳнат муҳофазаси каби муҳим масалаларга тўхталди. Шунингдек, янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Республикаси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига асосан Қонунчилик палатасига киритилганлиги, уни ишлаб чиқишда биринчи навбатда Қонуннинг ҳар томонлама мукаммал бўлишига, касаба уюшмалари тўғрисидаги барча қонуности ҳужжатлари ҳамда соҳага оид хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганлигига алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлаб ўтди. Маърузачи томонидан тадбир иштирокчиларининг саволларига атрофлича жавоблар қайтарилди.
Тадбир дастурига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Турсунпўлат Норбоев янги таҳрирдаги “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида маъруза қилди. Маърузачи амалдаги Қонун касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилмаётганлиги, улар фаолиятининг шаффоф механизмлари ва кафолатларини таъминламаётганлиги, касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратининг самарали механизмлари, уни амалга оширишнинг тамойиллари, шакллари ва усуллари қонунчилик билан мустаҳкамланмаганлиги, касаба уюшмаларини ташкил этиш, биринчи навбатда касаба уюшмаларининг бошланғич ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг қонун даражасидаги тартиби мавжуд эмаслиги, рўйхатдан ўтишда ҳужжатларни тақдим этиш талаблари тартибга солинмаётганлиги, касаба уюшмаларининг иш берувчилар, давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлиги, шу жумладан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлигининг аниқ тартиби ва мезонлари белгиланмаганлиги каби муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди.
Дастурга мувофиқ тадбирнинг савол ва жавоб қисмига ўтилиб, тадбир иштирокчилари томонидан янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасига таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Жумладан, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Райҳон Носирова томонидан Қонун лойиҳасининг 16-моддаси – касаба уюшмалари, уларнинг ташкилотлари, органлари ва бирлашмаларини тузиш бўйича, “иш берувчининг касаба уюшмаси органига аъзо бўлиши мумкин эмас”, деб қўшимча киритилиши таклиф этилди.
Шунингдек, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашларининг Бухоро вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Абдусалом Раҳмонов томонидан Қонун лойиҳасининг 27-моддаси – касаба уюшмаларига солиқ солиш бўйича, “Касаба уюшма ташкилотида жамоатчилик асосида иш юритаётган ходимларга тўланадиган рағбатлантириш солиққа тортилмайди” деб, қўшимча хат боши киритилиши тавсия қилинди.
Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши юридик бўлими мудири Муроджон Арслонов томонидан Қонун лойиҳасининг 57-моддасига касаба уюшмаси ташкилотлари тузишда иш берувчилар томонидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш,
10-моддасига қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказувчи органга хабарнома тақдим қилиш ҳамда чет давлатлардан пул маблағлари ва мол-мулкни олиш бўйича рўйхатдан ўтказувчи органнинг розилигини олиш бўйича таклиф билдирилди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Қоракўл туман кенгаши раиси Илҳом Габбаров томонидан Қонун лойиҳасининг 24-моддасига “Ташкилотда юридик шахс мақомисиз ташкил этилган касаба уюшмаси касаба уюшмасининг қарори билан, унга юқори турувчи касаба уюшма органи ҳисоб рақами орқали хизмат кўрсатилиши” таклифи билдирилди.
Янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси муҳокамаси тадбирида, бирлашма кенгаши аъзолари, аппарат масъул ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари масъул ташкилотчилари, бирлашган касаба уюшма қўмиталари раислари, бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, вилоят бандлик бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши каби касаба уюшмаси ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик қилаётган ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этиб, ўз таклифларини билдирдилар.
Тадбирда “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталарининг вилоятдаги муҳбири ҳамда Бухоро вилоят телевиденияси муҳбирлари иштирок этдилар.