Хайрли саъй-ҳаракатлар ҳосиласи

11 ноябрь — Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммо ва мурожаатларини ҳал этишга салмоқли ҳисса қўшаётган фаолларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республикамиз ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўртасида “хонадонбай” ишлашда “Энг яхши маҳалла раиси”, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасида “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлашда “Энг яхши сектор раҳбари”, гендер сиёсати ва мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётида аёллар ролини ошириш борасидаги ишларни намунали ташкил этган корхона раҳбарлари ўртасида “Энг намунали аёл иш берувчи”, “Аёллар дафтари” орқали кўмак олиб, иш ўрни яратган ва маҳалласидаги хотин-қизларни иш билан таъминлаган тадбиркор аёллар ўртасида “Касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти учун танловлар ўтказилди.

Куни кеча пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган тантанали байрам тадбирида ушбу танловларда 1-ўринни қўлга киритган ғолибларга диплом ҳамда Президент совғаси сифатида “Gentra” автомобили, 2-ўринга сазовор бўлган иштирокчиларга диплом ҳамда Президент совғаси сифатида “Cobalt” автомобили, 3-ўрин эгаларига диплом ва Президент совғаси сифатида “Spark” автомобили калитлари тақдим этилди. Қувонарлиси, O’zLiDeP Бухоро шаҳар Кенгаши раисининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосари, “Замин Мадад тайёрлов Савдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мамлакат Содиқова ҳам муносиблар қаторида эътироф этилди.

У фахрли III ДАРАЖАЛИ ДИПЛОМ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси -“SPARK” автомашинаси билан тақдирланди.

Print Friendly, PDF & Email